23 март куни Тошкент вилоятида «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипова ва мамлакатда ишчи ташриф билан бўлиб турган Татаристон президенти Рустам Минниханов иштирок этишди. Бу ҳақда Татаристон президенти матбуот хизмати хабар берди. Технопарк Қозондаги «Химград» технополиси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Маросимда Абдулла Арипов технопарк Наврўз байрами кунларида очилганлиги ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иккитомонлама муносабатларнинг қайта уйғониши ва янги босқичи сиймоси эканлигини таъкидлади. Бош вазир бу Татаристон билан ҳамкорликнинг мисоли эканлигини ҳам қайд этди.


Фото: president.tatarstan.ru.

Ҳукумат раҳбари яқин йилларда технопаркда Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим бўлган 100 дан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, камида 2200 та иш ўринлари яратилишини қўшимча қилди. «Технопаркдаги иш шароитлари блиан нафақат Россиядан, балки Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа давлатлардаги ҳамкорлар ҳам қизиқишмоқда. Технопарк барча учун очиқ», — деди у.

Рустам Минниханов Татаристоннинг пластик ишлаб чиқарувчи «ВР-Пласт», ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ишлаб чиқарувчиси «Бионоватик» ва биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқарувчи «Натуральное здоровье» компаниялари технопаркнинг биринчи резидентлари бўлишини эълон қилди.

Маросим якунида Тошкент ҳокимияти ва Татаристон ҳукумати ўртасида 2022−2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «йўл ҳаритаси» имзоланди. Шунингдек, Чирчиқ ҳокимлиги ва Татаристоннинг Нижнекамск муниципал тумани ўртасида ҳамкорлик бўийча меморандум имзоланди. Шу ерда «Чирчиқ» технопарки резидентларининг маҳсулотлари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.


Рустам Минниханов ва Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев. Фото: president.tatarstan.ru.

Маросимдан олдин томонлар Ўзбекистон ва Татаристон ҳудудлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. Асосий масалалар орасида КАМАЗ юк автомобилларини етказиб бериш ҳамда автобус ва электробусларни етказиб беришни кўриб чиқиш, «Нижнекамскшина» шина маҳсулотларининг кенг ассортиментини реализация қилиш ва «Татнефть» АЁҚШ тармоқларини кенгайтириш муҳокама қилинди.

Чирчиқдаги индустриал паркни ташкил этишга тайёргарлик 2018 йилда бошланган эди, дейилади Татаристон президенти матбуот хизматининг хабарида. Қарор 2021 йилда Рустам Миннихановнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида тасдиқланган эди. Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон президенти технопарк Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳудудининг ҳамда «Максам-Чирчиқ» корхонасининг металли натрий ишлаб чиқариш цехининг жами 31,24 гектар майдонида ташкил этилишини назарда тутган қарорни имзолади.

Юқорида таъкидланган корхоналарнинг бинолари ва қурилмалари «Ўзкимёсаноат» компаниясининг балансига ўтказилди ва унинг «Чирчиқ кимё-индустриал» парки дирекцияси устав капиталидаги улуши сифатида кирди. Технопаркнинг ишлаш муддати узайтириш имконияти билан 30 йил қилиб белгиланган.

Технопарк ҳудудида махсус иқтисодий зоналар учун ўрнатилган алоҳида солиқ, божхона ва валюта режимлари амал қилади. Шу билан бирга, қарорда кўрсатилганидек, Солиқ кодекси ва «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонун билан белгиланган солиқ имтиёзлари, ҳамда божхона тўловлари бўйича имтиёзлар технопарк иштирокчилари, дирекцияси ва технопаркнинг инвестицион фаолиятини бошқарувчи компания томонидан киритилган инвестициялар ҳажмидан қатъи назар 10 йилга берилади.

Технопарк фаолиятининг асосий йўналишларига юқори қийматга эга бўлган, ташқи бозорда харидоргир ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун инвестицияларни кенг жалб қилиш, шунингдек, халқаро стандартларга мувофиқ энергия тежамкор, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга қаратилган ва экологик хавфсиз ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш киради.

2021 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги товар айланмаси 200 млн АҚШ долларини ташкил этди. Иккала давлатнинг вазирликлари, савдо-саноат палаталари, корхоналари, ташкилотлари ва ОТМлари ўртасида ҳамкорлик бўйича қатор келишувлар ва меморандумлар имзоланган.