Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» томонидан республиканинг барча ҳудудларида истеъмолчиларнинг электр энергиясидан самарали ва оқилона фойдаланишларини таъминлаш мақсадида тарғибот-ташвиқот ҳамда рейд тадбирлари ўтказилмоқда, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Бу истеъмолчиларнинг ушбу ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланишларига, шунингдек, тармоқларда юкламалар ортиб кетишининг олдини олишга ва барча истеъмолчиларни энергия билан барқарор таъминлашга хизмат қилади, дея таъкидлади вазирлик.

Эълон қилинган суратларда реклама лавҳалари, дарахтларга илинган ёриткичлар ва дорихона, овқатланиш шохобчалари ёзувидаги чироқлар, кўча ёриткичлари ўчирилганини кўриш мумкин.

Тадбиркорлик субъектларидан электр энергиясига бўлган эҳтиёж ортиб борган пайтда ундан имкон қадар тежамкорлик билан фойдаланиш, зарур бўлмаган ҳолларда, электр қурилмаларини тармоқдан ажратиб қўйиш сўралди.

Вазирлик, шунингдек, электрни беҳуда сарфлаш жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

Бу учун мансабдор шахсларга нисбатан БҲМ (340 минг сўм)нинг 5 бараваридан 15 бараваригача (1 млн 700 минг сўмдан 5 млн 100 минг сўмгача) миқдорда жарима борлиги таъкидланди.