Тошкентда қулаган тўсинлар ҳақида репортаж тайёрламоқчи бўлганида калтакланган Zo‘r TV журналистлари иши бўйича суд ҳукми ўқилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Олий суд матбуот хизмати.

Август ойида Zo‘r TV мухбири Нурзодбек Воҳидов ва оператор Сардорбек Йўлдошев Тошкент аэропорти яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг бешта тўсини қулагани ҳақидаги репортажни тасвирга олмоқчи бўлганида калтакланган.

Тармоқларда тарқалган видеода 67-кўприк қурилиш отряди иш бошқарувчиси Нодир Эшниёзов журналистларга нисбатан одобсиз сўзлар ишлатиб, уларни ҳудуддан чиқариб юборишни буюргани, сўнгра камера кўтарган операторга ташланганини кўриш мумкин.

Журналист қимматбаҳо асбоб-ускуналарга зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантирган, лекин ишчи тасвирга олиш учун рухсат олиб келишни талаб қилган ва сўнгра операторга яна ҳужум қилган.

6 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди ҳукмига кўра, судланувчи Нодир Эшниёзов Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «а» ва «г» бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга дастлаб 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судланувчига Жиноят кодексининг 72-моддаси (Шартли ҳукм қилиш) қўлланилиб, ҳукмнинг шартлилиги эълон қилинди ва айбдорга 2 йиллик синов муддати белгиланди. Шунингдек, судланувчидан етказилган зарар учун телерадиокомпания ҳисобига 23 755 641 сўм маблағ ундирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси (лойиҳанинг бош пудратчиси ҳисобланган «Кўприкқурилиш» трестига унга тегишли) иш бошқарувчиси Н.Эшниёзовнинг қилмишини кескин қоралаб, уни ишдан бўшатганини маълум қилганди.