14 август куни Zo‘r TV мухбири Нурзодбек Воҳидов ва оператор Сардорбек Йўлдошев Тошкент аэропорти яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг бешта тўсини қулагани ҳақидаги репортажни тасвирга олмоқчи бўлганида калтакланганди. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Телерадиокомпания ходимларига тан жароҳати етказилгани ҳолати юзасидан Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Унга кўра, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилганда:

  • базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда (айни пайтда 16,5−33 млн сўм) жарима ёки;
  • уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд;
  • уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.

Куни кеча тармоқларда тарқалган видеода 67-кўприк қурилиш отряди иш бошқарувчиси Нодир Эшниёзов журналистларга нисбатан одобсиз сўзлар ишлатиб, уларни ҳудуддан чиқариб юборишни буюргани, сўнгра камера кўтарган операторга ташланганини кўриш мумкин.

Журналист қимматбаҳо асбоб-ускуналарга зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантирган, лекин ишчи тасвирга олиш учун рухсат олиб келишни талаб қилган ва сўнгра операторга яна ҳужум қилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси (лойиҳанинг бош пудратчиси ҳисобланган «Кўприкқурилиш» трестига унга тегишли) иш бошқарувчиси Н.Эшниёзовнинг қилмишини кескин қоралаб, уни ишдан бўшатганини маълум қилган.

Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги журналистик фаолиятга тўсқинлик қилувчи ва ОАВ ходимларига нисбатан бўладиган ҳар қандай тазйиқни кескин қоралашини билдирган.

Аввалроқ тўсинлар қулаши факти бўйича жиноий иш қўзғатилгани ва уч мансабдор ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди. Зарар, тахминий ҳисоб-китобларга кўра 2,76 млрд сўмни ташкил этади (қулаш видеоси).

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси қулаш кунида тўсинлар ўрнатиш жараёнида «эҳтиётсизлик» туфайли қулаб тушганини маълум қилган. Тўсинлар ёрдамчи йўллар устига қулагани сабабли поездлар ҳаракатига таъсир қилмаган.

«Газета.uz» июль ойи охирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев танишган реконструкция лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берган эди.