12 август куни тушдан кейин Тошкентда аэропорт яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг бешта тўсини бир вақтнинг ўзида қулаб тушганди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, 3 нафар мансабдор ушланди, дея хабар бермоқда Транспорт прокуратураси матбуот хизмати.

Яккасарой тумани Бобур кўчасидан Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи ҳамда Содиқ Толипов кўчасига чиқиш-тушишига имкон берувчи йўл ўтказгични қайта қуриш объектида узунлиги 42 метрлик 5 дона тўсин (балка)лар қулаб тушган. Бунинг оқибатида 2 млрд 760 млн сўмлик зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан Транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. 3 нафар мансабдор шахс гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ҳодиса натижасида ҳеч ким жабр кўрмагани, тўсинлар тушган рельслар эса вагон омборига элтишини ҳамда ҳолат поездлар ҳаракатига таъсир қилмаганини билдирганди.

Маълумот учун, амалга оширилаётган лойиҳанинг тўлиқ номи — «Тошкент шаҳар Яккасарой тумани «Бобур» кўчасидан Ислом Каримов номидаги «Тошкент халқаро аэропорти»га олиб борувчи ва «Содиқ Толипов» кўчасига чиқиш ва тушишга имкон берувчи йўл ўтказгични замонавий қурилиш стандартлари асосида қайта қуриш».

«Газета.uz» июль ойи охирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев танишган реконструкция лойиҳаси ҳақида батафсил маълум берганди.