Москвадан Термизга учаётган самолёт Ақтўбега фавқулодда қўнишни амалга оширди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Москва — Термиз йўналишида учаётган HY9610 рейси йўловчилардан бирининг соғлиғи ёмонлашгани сабабли Ақтўбе (Қозоғистон) халқаро аэропортидаги муқобил аэродромга қўнди. Экипаж борт тагига тез ёрдам машинасини чақиртирган.

Самолёт Тошкент вақти билан соат 14:28 да Ақтўбега қўнди. Ҳаво кемаси яқин соатларда манзил аэропорти — Термизга учиб кетиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 29 ноябрь куни Qanot Sharq авиакомпаниясининг Санкт-Петербургдан Самарқандга учган самолёт Қозоғистон Ақтўбе аэропортига фавқулодда қўнганди.