«Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев илк бор маъмурий жавобгарлик учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 29 ноябрь кунидаги қарорида қайд этилган. «Газета.uz» қарорни ўрганиб чиқди.

Ҳужжатга кўра, 1971-йилда туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаган Бахтиёр Қудратуллаев 28 ноябрь куни соат тахминан 21:45 да Кўҳинур кўчаси, Grand Mir меҳмонхонаси яқинидаги уйлардан бирининг йўлагида ва ҳовлисида бўла туриб, «жамоат жойида ИИО ходимларига нисбатан бақир-чақир қилиб, фуқароларнинг тинчлигини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиб, ИИО ходимларининг ИИБ биносига бориб шахсига аниқлик киритиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган».

Қудратуллаев суд мажлисида, ҳуқуқбузарликни тан олмай, ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик содир этмаганлигини, уйида бўлганида уни уйидан олиб кетишганлигини билдириб, суддан ишни одилона кўриб чиқишни сўради.

Судья Қудратуллаевни ўз ҳаракатлари билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-модда (майда безорилик / базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади) ва 194-модданинг 1-қисмида (ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларга бўйсунмаслик / БҲМнинг 1 бараваридан 20 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган.

Якунда «Бахти Ташкентский» 15 суткага ҳибсга олинди.

Орадан беш кун ўтиб, 3 декабрь куни Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Қудратуллаев ва яна икки шахс жуда кўп миқдорда товламачилик айблови билан қўзғатилган жиноят иши бўйича гумонланувчи сифатида жалб этилгани ҳақида хабар берди. «Ушбу шахслар таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган…Тергов давом этмоқда», — дейилади бошқарма хабарида.

Аввал хабар қилинганидек, Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча тўдалари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилган, дея хабар беради пойтахт ички ишлар бошқармаси.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан «Саидазиз медгородок» лақаби билан машҳур Саидазиз Сайдалиев қўлга олинди. Бошқарма маълумотларига кўра, у ва яна бир неча киши товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, улар одамларга пул эвазига қарзларини ундириб берган.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги Сирдарё, Хоразм, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Бухоро ва бошқа вилоятларда «Зарбдор 40 кун» акцияси ўтказилиши ҳақида хабар берган эди.