Блогер Олимжон Ҳайдаров Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг 8 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳукми устидан апелляция шикояти беради. Бу ҳақда маҳкумнинг укаси Салимжон Ҳайдаров «Газета.uz»га маълум қилди.

1-декабрь куни суд Ҳайдаровни туҳмат, ҳақорат ва товламачиликда айбдор деб топиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Салимжон Ҳайдаров акаси айбини бутунлай рад этиб, уни ҳибсга олиш чораларини ноқонуний ва суд қарорини адолатсиз деб билишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Олимжон Ҳайдаров 29 июль куни ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинганди. У «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси раҳбарларидан салбий мазмундаги мақолани интернетда тарқатмаслик эвазига 10 000 доллар талаб қилганликда айбланмоқда.

10 октябрь куни тергов органи Ҳайдаровга нисбатан айблов эълон қилган. Суд иши 30 октябрь куни бошланган, унда беш нафар даъвогар ва жабрланувчи хусусан, Қўқон шаҳри ҳокими Маруфжон Усмонов, (бунгача президент давлат маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаган), Нуриллохон Тешабоев (Ўзбекистон тумани ички ишлар бўлими ўринбосари — жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи бўлиб ишламоқда ёки илгари ишлаган), Воҳиджон Содиқов (у ҳам тахминан ички ишлар органларида ишлайди), шунингдек, Фахриддин Абдуваҳобов ва Олим Хасанов бор.