10 октябрь куни Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан терговни якунлаб, 13 октябрь куни ишни Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судига ўтказди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов «Газета.uz»га маълум қилди.

Унга кўра, 10 октябрь куни тергов органи Ҳайдаровга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш), 139-моддаси 3-қисми «а» банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш), 140-моддаси 3-қисми «а» банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш), 165-моддаси 2-қисми «а» «б» бандлари (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш) билан айб эълон қилинган. Унга 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Суд муҳокамаси санаси кейинроқ эълон қилинади, деди Олий суд.

Унинг адвокати Дилшод Жабборов «Газета.uz»га, блогерга қўйилган айбловлар ўз тасдиғини топмаган, деб ҳисоблашини айтди.

Эслатиб ўтамиз, танқидий чиқишлари билан танилган фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров жиноят содир этганликда гумонланиб, 29 июль куни ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинганди.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди қарорида қайд этилишича, блогер ўт ўчириш машиналари ўтиш учун масофа кенгайгани сабабли савдо расталари майдони қисқаргани ҳақида танқидий материал тайёрлаган (июнь ойида бозорда йирик ёнғин содир бўлган, ҳодиса пайти тор йўлаклар туфайли ўт ўчирувчилар ўтиб кета олмагани хабар қилинган).

Маҳбуснинг укаси Олимжон Ҳайдаровнинг ўзига таяниб хабар беришича, у Боғдод туманида кўчада таниши билан гаплашиб турганида ички ишлар ходимлари келиб, қўлини орқасига қайириб, акамнинг машинасига пул ташлаб, мажбурлаб қўлини [кимёвий ишлов берилган пулга] теккиздиришган. Ушбу маълумот тасдиқланмади ёки рад этилмади.