1 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида блогер Олимжон Ҳайдаровга оид жиноят иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди, дея хабар бермоқда Олий суд матбуот хизмати.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси А.Эргашев эълон қилган ҳукмга кўра, 34 ёшли блогер, Turon mujdasi ва Turon valley media МЧЖлари директори Олимжон Ҳайдаровнинг айбловидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди чиқарилди.

У Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) 2-қисми, 3-қисми «а» банди, 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди ва 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Блогерга Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (Жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги блогерга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилиши (блокланиши)ни таъминлаш юклатилди.

Жабрланувчи С.М. га жиноят оқибатида етказилган моддий зарар ундириш бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмагани сабабли, моддий ва маънавий зарар ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

«Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар жиноят-процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқи мавжуд», — дейилади хабарда.