Россиянинг Москва шаҳри Свиблово ҳудудида мигрантлар ошхонада навбат талашиб, оммавий муштлашув рўй бергани, уларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари бўлгани хабар қилинди.

Унга кўра, 16 ноябрь куни полицияга жанжал бўлаётгани ҳақида маълумот келиб тушган, унда ошхонадаги навбат сабаб бу ҳолат рўй бергани маълум қилинган. Шундан сўнг бўлимга 37 киши олиб келинган.

«Уларнинг 35 нафари Ўзбекистон, бир нафари Россия ва бир нафари Туркия фуқароси эди… Муштлашув оқибатида жароҳатланганлар бор, бироқ ҳаммага ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилди. Полиция бўлимига келганларнинг бармоқ излари олинган», — дейилади хабарда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 16 ноябрь куни Москва шаҳрининг Свиблово туманида жойлашган Afi Tower кўп қаватли уй қурилиши майдонида 35−40 нафар фуқаро иштирокида жанжал юз берган.

«Свиблово тумани ички ишлар бўлими маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқаролари иштирокида юз берган оммавий муштлашув ошхонага кириш учун навбатда турган ишчилар ва умумий навбатни четлаб ўтиб, ошхонага киришга уринганлар ўртасидаги оғзаки жанжал сабаб юз берган», — дейди агентлик.

Ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 213-моддаси (Безорилик) 2-қисми бўйича жиноят иш қўзғатилиб, фуқароларнинг 6 нафари жиноий, 3 нафари мамлакатдан мажбурий чиқариб юбориш шаклида маъмурий, бошқалари ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмагани сабабли жарима шаклида маъмурий жавобгарликка тортилган.