Наманган вилояти Янги Наманган туманида 17 ёшли ўқувчи бошқарувида бўлган Lacetti автомобили йўл четидаги талаба йигитларни уриб юборди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 20 апрель куни соат 18:40 атрофида 11-синф ўқувчиси тоғасининг номида бўлган Lacetti автомашинасини туманнинг «Еттинчи мингчинор» кўчасида бошқариб кетаётган бўлган. Шу пайтда белгиланган тезликни ошириб, тажрибасизлиги оқибатида йўлнинг қарама-қарши қисмига ўтиб кетган.

Ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай йўл четида турган Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг 2 нафар хоразмлик талабасини уриб юборган. Ҳодиса оқибатида йигитлардан бири енгил жароҳат олган. Бири эса кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамай шифохонада вафот этган.

йтҳ, талаба, ўқувчи

«Биз дўстимиз билан гаплашиб тургандик. Машина тепадан тушиб келди, машинани уёққа-буёққа ўйнатди, бошқарувдан чиқиб кетди. Биз уни тўғри ўтиб кетади деб ўйлагандик. Қараб турганимизда тротуарга чиқди ва бизни уриб кетди, улгурмадик қочишга. Дўстимизнинг орқасидан келиб урди, орқа тарафи менга тегди, кейин тепамдан ўчиб ўтиб, бориб устунга урилди», — деди ҳодиса жойида бўлган йигитлардан бири.

Яна бир воқеа иштирокчисининг сўзларига кўра, машина марҳумдан кейин ўша ерда бўлган 3 йигитни ҳам бирваракайига уриб юборган. Уларга жароҳат етмаган, бироз елка ва оёқ оғриғи кузатилган.

«Ўқувчи ўқиётган 57-мактабда муҳокама йиғилиши ўтказилди. Унда ҳодиса сабабчиси ва унинг онасининг синфдошлари, устозлари ва маҳалла оқсоқоллари олдида боши ерга қадалди», — дейилади хабарда.

йтҳ, талаба, ўқувчи

«Телефон орқали хабарни эшитиб, шокка тушиб қолдим. Ҳалокат жойига қандай етиб келганимни ҳам билмайман. Фарзандимнинг машина ҳайдашидан, беркитиб машина миниб келишидан хабарим йўқ эди. Машина укамники эди. Билмаганмиз, беркитиб миниб чиқиб кетган экан. Ўша пайтда уйда эдим, у дарс қилаётганди. Кейин бирданига йўқ бўлиб қолди. Болам учун жабрланган болалардан кечирим сўрайман. Озгина эътиборсиз қолдирибман. Ҳамма ота-оналардан илтимосим — болаларини назоратсиз қолдиришмасин. Шундай автоҳалокатлар, бировнинг уйида мотам бўлишини ҳеч кимга раво кўрмайман», — деди ҳайдовчи йигитнинг онаси.

«Афсусдамиз, бошқа қайтарилмайди», — деди ҳайдовчи ўқувчи.

Аввалроқ Навоий вилоятида мактаб ўқувчиси бошқарувидаги Matiz ЙТҲга учрагани, оқибатда икки бола ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида эса юқори тезликда ҳаракатланган Gentra ҳайдовчиси йўл четидаги икки ўқувчини уриб юборганди. ЙТҲ оқибатида болалар вафот этган, шунингдек, машина уриб кетган қорамол ҳам нобуд бўлган.