Хитойдаги йирик шаҳарларнинг қарийб ярмида «ўртача ва жиддий» чўкиш кузатилмоқда. Бу маҳаллий аҳоли учун сув тошқини хавфини оширади, айниқса, иқлим ўзгариши туфайли денгиз сатҳи кўтарилади, деб ёзмоқда Reuters Жанубий Хитой педагогика университети олими бошчилигидаги тадқиқотга таяниб.

Олимлар космик радар интерферометрияси усулидан фойдаланган ва 2015 йилдан 2022 йилгача Хитойнинг 82 та йирик шаҳрида ернинг чўкиш даражасини баҳолаган. Шу тариқа улар ушбу даврдаги шаҳар ландшафтининг баландлигини ҳисоблаб чиққан.

Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, Хитой шаҳарларининг 45 фоизи йилига уч миллиметрдан кўпроққа пасайган, 16 фоизи, шу жумладан, Пекин, йилига 10 миллиметрдан кўпроқ тезликда чўкмоқда.

Тадқиқотчиларга кўра, ернинг чўкишига сабаб бўлган асосий омиллардан бири ерости сувлари сатҳининг пасайиши ҳисобланади. Вазият иқлим ўзгариши оқибатида юзага келган қурғоқчилик туфайли янада оғирлашган. Ернинг чўкиши, шунингдек, унинг устида турган биноларнинг оғирлиги туфайли ҳам содир бўлади.

«Ер чўкиши унда ёриқлар пайдо бўлишига олиб келади, бинолар ва фуқаролик инфратузилмасига зарар етказади ва сув тошқини хавфини оширади», — дейилади тадқиқотда.

Олимларнинг огоҳлантиришича, Хитойнинг шаҳар аҳолиси 900 миллиондан ошгани ҳисобга олинса, «ҳатто ернинг кичик бир қисмидаги чўкиш ҳам мамлакат учун жиддий хавф туғдириши мумкин». Бошқа томондан, чўкишлар аллақачон йиллик 7,5 миллиард юандан (тахминан 1 миллиард доллар) кўпроқ зарар келтириб бўлган.

Бундан ҳолатлардан энг оғири, масалан, Хитой шимолидаги 15 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Тяньцзинь шаҳрида кузатилди. Ўтган йили кўп қаватли уйлар ёнида катта ёриқлар пайдо бўлганидан кейин минглаб аҳоли эвакуация қилинганди. Тяньцзинь ҳукумати ҳодисани «тўсатдан пайдо бўлган геологик фалокат» деб атади ва геотермал қудуқларни бурғулаш ҳудуддаги ерларнинг чўкишига олиб келганини истисно қилмади.