16 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонуннинг Самарқанд вилоятидаги ижроси юзасидан олиб борилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисда қонун ижроси бўйича Ёшлар ишлари агентлигининг Самарқанд вилояти, Ички ишлар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг олиб борган ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.

Унда таъкидланишича, вилоятда вояга етмаганлар сони 1,5 млн нафардан зиёд (780 983 нафари ўғил, 726 499 нафари қиз). Вилоятдаги 1263 та умумтаълим мактабида қарийб 757 минг нафар ўқувчи таълим олмоқда.

2023 йилда 1345 та «рейд» тадбири ўтказилиб, вояга етмаган болаларни назоратсиз қолдирган 57 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилган.

Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида амалга оширилган ишлар билан бирга вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида айрим муаммолар мавжудлиги аниқланган.

Жумладан, вилоятда вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолати ортиб, 2021 йилда 1331 тани, 2022 йилда 3941 тани ҳамда 2023 йилнинг 8 ойи давомида эса 3128 тани ташкил этган.

Шунингдек, вояга етмаганлар орасида содир этилган жиноятлар сони ҳам ортган. Хусусан, 2022 йилнинг 8 ойи давомида жиноятлар сони 92 тани ташкил қилган бўлса, 2023 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 129 тани ташкил этиб, 40 фоизга ортганлигини кўрсатмоқда.

Профилактик тадбирлар давомида 39 нафар мактаб ўқувчиси порнографик, 58 нафари эса зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб этувчи материаллар сақлагани аниқланган. 2221 нафардан ортиқ тарбияси оғир бўлган болалар билан профилактик суҳбатлар олиб борилиб, 1853 нафар ўқувчининг ота-онасига нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган.

Криминоген вазият оғир деб белгиланган 76 та таълим муассасасига ИИБ раҳбарларининг бириктирилганидан мактабларнинг хабардор эмаслиги айтилди. Ўрганиш давомида аксарият таълим муассасаларида ўқув машғулотларига сабабсиз ҳамда мунтазам равишда қатнашмаётган вояга етмаганлар мониторингини олиб бориш йўлга қўйилмагани ҳам аниқланган.

Мажлис давомида «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонунни такомиллаштириш юзасидан ҳам фикрлар билдирилди. Хусусан, мазкур қонуннинг 12 та моддасида ҳаволаки нормалар мавжудлиги аниқланди. Ушбу моддаларда белгиланган нормалар амалда тасдиқланган норма ижодкорлиги фаолияти талабга жавоб бермайди.

Мажлисда қайд этилишича, қонунда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўйича белгиланган чора-тадбирлар соҳани самарали тартибга солиш имконини бермаяпти. Ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиққан ҳолда асосий тушунчалар етарли даражада ёритилмаган.

Шу билан бирга, ўзига нисбатан якка тартибдаги профилактика иши олиб бориладиган шахсларнинг тоифалари қаторини кенгайтириш ва ҳуқуқбузарликларга олиб келаётган янги ҳолатларни акс эттириш ҳамда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар масъулиятини аниқ белгилаш зарурати мавжудлиги ҳам сенаторлар томонидан қайд этилди.