Ўзбекистонда 9 ой давомида оналар ўлими кўрсаткичи 100 минг тирик туғилишга нисбатан 14,1 промиллини ташкил этди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Қонунчилик палатисига тақдим этган ҳисоботида маълум қилди.

Унинг қайд этишича, туғиш ёшидаги 7,7 миллион — 84 фоиз аёллар тиббий кўрикдан ўтказилиб, бугунги кунда 3,4 миллионида экстрагенитал касалликлар аниқланган. Уларнинг 300 минг яъни 11 фоизи стационар шароитда, 2,4 миллиони амбулатор шароитда даволанди. Республикада ўтган 9 ой давомида 716 минг 880 нафар туғилиш қайд этилган, бу 2022 йилнинг мос даврига (681,7 минг) нисбатан 35 минг (5,2 фоиз) нафарга кўп.

Оналар ўлими

Вазирнинг таъкидлашиа, республикада 2023 йил 9 ой давомида оналар ўлими кўрсаткичи 100 минг тирик туғилишга нисбатан 14,1 промилли қайд этилган. Бу кўрсатгич 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 13,1 промиллига тенг бўлган.

Оналар ўлими бўйича рақамларнинг 2022 йилга нисбатан ўсиш ҳолатлари ҳудудлар кесимида қуйидагича:

• Қорақалпоғистон Республикасида — 13 промиллидан 24,7 промиллига;

• Андижон вилоятида — 7,9 промиллидан 13,6 промиллига;

• Сирдарё вилоятида — 11,6 промиллидан 45,6 промиллига;

• Тошкент шаҳрида — 11 промиллидан 15,7 промиллига;

• Самарқанд вилоятида — 7,3 промиллидан 12,9 промиллига ошган.

Унинг депутатларга маълум қилишича, мамлакатда оналар ўлимини камайтириш мақсадида Беларусдан мутахассислар олиб келинмоқда.

«Ҳозирда Беларусдан „Она ва бола“ марказидан акушер-гинеколог, болалар анестезиолог-реаниматологи, аёллар анестезиолог-реаниматологи олиб келдик, улар шу ҳафтадан фаолиятини бошлайди. Беларус тажрибасида оналар ўлими ноль, гўдаклар ўлими ҳам кескин камлиги учун айнан шу мамлакат билан кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва 2024 йилда оналар ўлимини кескин камайтириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдик», — дейди Амрилло Иноятов.

Аввалроқ Қашқадарёдаги Она ва бола саломатлиги тиббиёт марказида Беларусь бошқарув тизимини жорий этиш, вилоятдаги 900 нафар дояни ушбу давлат таълим стандартлари асосида ўқитиш режалаштирилгани ҳақида хабар қилгандик. Шунингдек, Беларусь вакиллари Ўзбекистон соғлиқни сақлаш кодексини ишлаб чиқишда ёрдам беришини билдирди.