Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Беларусь Миллий Кенгаши Вакиллар палатаси вакиллари ҳамда мамлакатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич билан учрашув ўтказди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Беларусь оналар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичи энг паст давлатлардан бири. Бу ерда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича такомиллашган меъёрий-ҳуқуқий база шаклланган, кадрларни тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилган.

Шундан келиб чиқиб, учрашувда Қашқадарёда барпо этилган Она ва бола саломатлиги тиббиёт маркази фаолиятига Беларусь бошқарув тизимини жорий этиш масаласи кўриб чиқилди. Бунинг учун Беларусь Она ва бола саломатлиги илмий-амалий марказининг мутахассисларини жалб қилишга келишиб олинди.

Меҳмонлар бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, шу жумладан, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш кодексини ишлаб чиқишда яқиндан ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, бирламчи бўғинда меҳнат қилаётган акушерларни Беларусь таълим стандартлари асосида ўқитиш режалаштирилмоқда. Бу борада эришилган келишувга кўра, дастлабки босқичда Қашқадарё вилоятида бирламчи амбулатор тизимда фаолият юритаётган 900 нафар доя халқаро протоколлар асосида миллий мақсадлар ва демографик вазиятни ҳисобга олган ҳолда ўқитилади.

Якуний имтиҳон чет эллик экспертлар томонидан қабул қилиниб, ундан муваффаққиятли ўтганлар халқаро сертификатга эга бўлади.

Мулоқот давомида 13−24 ноябрь кунлари Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган Беларусь тиббиёти кунларига тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

«Мазкур акция доирасида дўст мамлакатдан юртимизга болалар онкогематологияси, кардиология, онкология, неонатология каби йўналишлар бўйича етакчи мутахассислар, олимлар ташриф буюриши режалаштирилган. Улар иштирокида ҳудудларда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари, маҳорат дарслари, консилиум ва семинарлар ташкил этилади», — дейилади хабарда.

Қолаверса, акциянинг мантиқий давоми сифатида ноябрь ойи якунида Минск шаҳрида Ўзбекистон — Беларусь тиббиёт форуми ўтказилади. Тадбирга ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари, туман тиббиёт бирлашмалари масъуллари, шунингдек, тиббиёт техникумлари ва тиббий олийгоҳлар раҳбарлари ҳам бориши кутилмоқда.

Тадбир якунида ўзаро манфаатли қатор меморандум ва келишувлар имзоланиши кўзда тутилган.