БМТ Бош ассамблеясининг 9 ноябрь куни бўлиб ўтган 78-сессиясида Яқин Шарқдаги вазият ва Фаластин масаласига бағишланган овоз бериш жараёни бўлиб ўтди.

Тўртинчи қўмита (Махсус сиёсий ва деколонизация) олтита резолюция лойиҳасини маъқуллади. Резолюция лойиҳалари орасидан «Исроилнинг Фаластин халқи ва босиб олинган ҳудудлардаги бошқа арабларнинг инсон ҳуқуқларига таъсир этувчи амалиётини текшириш бўйича махсус қўмита иши» сарлавҳали матн 85 овоз билан маъқулланди, 13 та қарши овоз йиғилган бўлса, 72 та бетараф овоз берилди.

Қўмита 145 та (хусусан, Ўзбекистон ҳам) ёқлаб берилган овоз билан «Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудидаги аҳоли пунктлари» номли резолюция лойиҳасини маъқуллади. Бундай ҳудудларга Шарқий Қуддус ва халқаро ҳамжамият Исроил томонидан босиб олинган ерлар деб ҳисоблайдиган Суриянинг Голан ҳудуди киради.

Бу резолюцияга 7 та қарши (Канада, Венгрия, Исроил, Маршалл ороллари, Микронезия, Науру, АҚШ), 18 та бетараф овоз берилди. Қайд этилишича, якуний овоз бериш натижалари юридик кучга эга бўлмайди. Чунки резолюцияга қарши овоз берган АҚШ вето ҳуқуқига эга.

Ассамблея, ўз шартларига кўра, босиб олинган Фаластин ҳудудида, жумладан, Шарқий Қуддусда ва Суриянинг Голанида аҳоли пунктларини қуриш ҳамда ерларни мусодара қилиш, тинч аҳолини мажбуран кўчириш, де-факто ёки миллий қонунчилик орқали ернинг аннекция қилиниши ва бошқа ҳар қандай фаолиятни қоралайди.

Октябрь ойи охирида БМТ Бош ассамблеясининг Ғазо секторида ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирувчи резолюциясига 120 та давлат, жумладан, Ўзбекистон ёқлаб овоз берганди. 14 та мамлакат бунга қарши чиққан бўлса, 45 та мамлакат бетараф қолган.

Ўзбекистон позицияси

Исроил-Фаластин можароси 7 октябрда қайта бошланганидан сўнг Ўзбекистон президенти ва Ташқи ишлар вазирлиги бир неча марта ҳолат юзасидан баёнотлар берди.

Шавкат Мирзиёев:

  • Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз;
  • Исроил-Фаластин муаммосининг ягона ва энг адолатли ечими «икки халқ учун икки давлат» тамойилидир;
  • «Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокараларни бошлаш, оқилона муросага келишга чақирамиз».

ТИВ:

  • Ўзбекистон Фаластин-Исроил можаросидан жиддий хавотирда;
  • Яна бир бор томонларни қуролли можарони тўхтатишга чақирамиз.