БМТ Бош ассамблеяси Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди.

Иордания таклиф қилган ҳужжатга 120 та давлат (жумладан, Ўзбекистон) ёқлаб овоз берди, 14 та мамлакат (жумладан, АҚШ ва Исроил) қарши чиқди, яна 45 та давлат (жумладан, Буюк Британия, Канада, Ҳиндистон ва Украина) бетараф қолди.

бмт бош ассамблеяси, исроил, фаластин, ғазо сектори

Бош ассамблея, шунингдек, Канада томонидан таклиф қилинган, резолюцияга ҲАМАСнинг Исроилга ҳужум қилиш ва асирларни гаровга олишдаги ҳаракатларини қоралашни назарда тутувчи тузатишни рад этди.

Исроил Мудофаа кучлари 27 октябрь оқшомида Ғазо секторидаги қуруқликдаги амалиётини «кенгайтираётгани»ни, шунингдек, ҳаводан, ердан ва денгиздан ҳужумлар интенсивлигини оширганини маълум қилди.

Бир неча кун аввал БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми «йўқ жойдан пайдо бўлмаганини» айтганди. Бу фикр Исроил ҳукумати томонидан қаттиқ танқидга учраб, мамлакат расмийлари Гутерришнинг истеъфосини сўраган.

Аввалроқ Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти Исроил ва ҲАМАСни ҳарбий жиноятларда айблаб, урушни зудлик билан тугатишга чақирган баёноти эълон қилинганди.