Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида БАА, Жазоир, Иордания, Кувайт, Миср, Қатар, Фаластин, Саудия Арабистони ва Исроилнинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов хабар берди.

Вазирнинг қайд этишича, «бошқа масалалар қаторида Ғазо секторидаги мавжуд вазият» юзасидан ҳам фикр алмашилган.

«Биз яна бир бор барча томонларни тинч аҳоли орасида минглаб инсонлар, жумладан, болалар қурбон бўлаётган қуролли можарони тўхтатишга, ечим топиш учун фақат дипломатик воситалар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан фойдаланишга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

Аввалроқ ҳам Ўзбекистон ТИВ Фаластин-Исроил можароси тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга олиб келгани ва Яқин Шарқдаги вазиятни мураккаблаштирганидан жиддий хавотир билдирганди. Мамлакат томонларни қуролли қарама-қаршиликни тез фурсатда тугатиш ва инқирозни дипломатик воситалар орқали ҳал қилишга чақирган.

Исроил расмийларига кўра, 7 октябрда бошланган ҲАМАС ҳужумлари оқибатида мамлакатнинг 1400 нафар аҳолиси ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ киши гаровга олинган, деб ёзмоқда Meduza.

ҲАМАСга кўра, Ғазо секторида қарийб уч ҳафта давом этган зарбалардан 7 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.