Ўзбекистон Фаластин халқи билан бирдам ва ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Давлат раҳбари Исроил армияси ва ҲАМАС ҳаракати ўртасида давом этаётган қуролли тўқнашувлар гуманитар инқирозни чуқурлаштираётгани, тинч, бегуноҳ аҳоли орасида кўп сонли қурбонларга олиб келаётганини қайд этди.

Шунингдек, Фаластин ва Исроил томонидан қурбон бўлган барча инсонларнинг оилаларига чин дилдан таъзия ва ҳамдардлик изҳор этишини билдирди.

«Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси ва Хавфсизлик кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз», — деди президент.

Шу ўринда, Ғазо сектори аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилганини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, зўравонлик янада авж олаверса, бу халқаро вазиятнинг кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувларга янги кучлар тортилишига олиб келади.

«Буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай, узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам биз ҳар икки томонни зудлик билан гуманитар мақсадларда муросага келишга, жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинчлик йўли билан ҳал этишга чақирамиз», — деди давлат раҳбари.

«Биз яшаётган Марказий Осиё минтақаси турли миллат ва конфессиялар вакилларининг ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириши бўйича ноёб тажрибага эга. Бу заминда асрлар давомида мусулмон, христиан ва яҳудийлар дўстлик ва ҳамжиҳатликда ёнма-ён яшаб келяпти», — деди Мирзиёев.

Президент барчага, аввало, ёшларга мурожаат қилиб, уларни турли ёлғон ташвиқотларга берилмасликка, қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этмасликка чақирди.

«Бизнинг энг катта кучимиз, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинч ва осойишта ҳаётимизни, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатлигимизни барчамиз биргаликда асрашимиз зарур», — деди президент.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳар икки томонни қуролли можарони тўхтатишга, ечим топиш учун фақат дипломатик воситалар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан фойдаланишга чақирган.