Jizzax Auto заводи Соғлиқни сақлаш вазирлигига Volkswagen Caddy тез тиббий ёрдам автомобилларининг навбатдаги партияси сифатида 108 та машинани топширди, дея хабар бермоқда «Ўзавтосаноат» матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳозирча режалаштирилган 1000 дона автомобилдан 700 таси республика тез тиббий ёрдам хизмати эҳтиёжлари учун хизмат қилмоқда.

Сентябрда Республика тез тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларидаги филиалларига 100 та машина етказилганди.

Январь ойида 110 та тез тиббий ёрдам машинаси Республика тез тиббий ёрдам маркази автопаркига берилган.

Февралда эса Jizzakh Auto бу турдаги автомобилларнинг 117 донадан иборат навбатдаги партиясини ҳудудларга тақдим этган.

Август ойида А тоифали 50 та Volkswagen Caddy Қашқадарё ва Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги 103 шохобчаларига топширилган.

Мазкур ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа президент қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Бунга Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилма инвестициялари банки имтиёзли кредитлар ажратган.

Маълумот учун, янги автомобиллар барча сўнгги талаблар асосида замонавий ва қулай техникалар билан жиҳозланган, улар самарали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни кафолатлайди. Автомобиль тиббий салонида шовқин ва тебраниш изоляцияси, беморни намлантирувчи кислород билан таъминлаш тизими, дастакли инфузион тизим, беморни ташиш учун кўп функцияли носилкалар ҳамда кондиционер тизими бор.