22 февраль куни «Тез ёрдам» хизмати учун Jizzakh Auto томонидан Volkswagen Caddy автомашиналарининг 117 дона навбатдаги партияси ҳудудларга тақдим этилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шу вақтгача Республика тез тиббий ёрдам маркази автопаркида 220 та шундай машина бор эди.

Биринчи босқичда 230 дона B тоифадаги Ford реанимобиллари Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида фойдаланиш учун етказиб берилган. 2022 йилга келиб республикада 541 та замонавий машина «Тез ёрдам» хизматида ишламоқда.

«Иккинчи босқичда 1000 дона А тоифали тез тиббий ёрдам машинаси харид қилиниши кўзда тутилган бўлиб, ушбу мақсадда Осиё тараққиёт банки лойиҳаси асосида кредит маблағлари ажратилган. Бу орқали тизимдаги маънан эскирган Damas автомобилларини янгилаш кўзда тутилмоқда», — дейилади хабарда.

Келтирилишича, бешинчи авлод А тоифали Volkswagen Caddy MQB платформасида ишлайди. Улар 1,6 МPI атмосферали мотор билан жиҳозланган, 6 поғонали механик узатмалар қутиси ва 110 от кучига эга. 100 километр масофага автомобиль аралаш циклда 7 литр ёнилғи сарфлайди.

Ҳозиргача қарийб 340 та Volkswagen Caddy жойларга етказиб берилди. Автомобиллар ҳудудлардаги аҳоли сони ва тез тиббий ёрдам машиналарини янгилаш эҳтиёжидан келиб чиқиб тақсимланмоқда.

Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоит Ғафуровнинг маълум қилишича, харид қилиниши режалаштирилган яна 640 та тез тиббий ёрдам машинаси Hyundai, Ford, Volkswagen, Iveco каби жаҳон брендларига тегишли бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги январь ойида ҳам ҳудудларга тез тиббий ёрдам хизмати учун 110 та Volkswagen Caddy машинасини топширганди.