Президент Шавкат Мирзиёев 1 октябргача ҳудудларга Volkswagen Caddy русумли 1000 та тез ёрдам машинасини етказиб бериш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда давлат раҳбари 19-май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Мазкур топшириқ ижроси бош вазир Aбдулла Aрипов, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ва «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов томонидан амалга оширилади.

Президент томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда ҳудудларда 850 та хизмат муддатини ўтаган Damas (8 йилдан ошган) тез тиббий ёрдам машиналари мавжуд, шунингдек, аҳоли сонидан келиб чиқиб яна 170 та янги тез тиббий ёрдам машиналарига эҳтиёж бор.

2020 йил декабрь ойида Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов соғлиқни сақлаш тизими хизматлари учун Damas русумли автомобилларни сотиб олиш тўхтатилганини эълон қилган эди.