20 сентябрь куни Республика тез тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сурхондарё ва Сирдарё вилоят филиалларига 100 та Volkswagen Caddy тез тиббий ёрдам машиналари етказиб бериш бошланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йил якунига қадар яна 500 дан ортиқ ана шундай транспорт воситалари ҳудудларга етказиб бериш кўзда тутилган. Январь ойида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 110 та Volkswagen Caddy тез тиббий ёрдам машиналари Республика тез тиббий ёрдам маркази автопаркига берилди. Февраль ойида Jizzakh Auto томонидан йиғилган бу турдаги автомобилларнинг 117 донадан иборат навбатдаги партияси ҳудудларга тақдим этилди.

Август ойида А тоифали 50 та Volkswagen Caddy Қашқадарё ва Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги «103» шохобчаларига топширилди.

Ушбу машина мутлақо янги MQB платформасида ишлайди. Улар 1,6 МPI атмосферали мотор билан жиҳозланган, 6 поғонали механик узатмалар қутиси ва 110 от кучига эга. 100 километр масофага автомобиль аралаш циклда кам ёнилғи сарфлайди. Тиббий ускуналар билан жиҳозланган бу автотранспорт воситалари халқаро талабларга тўла мос, унинг ички қисми бемор ва тиббий ходимларнинг қулай жойлашиши имконини беради.

Қолаверса, улар шаҳар ичида ҳаракатланиш бўйича юқори техник кўрсаткичларга эга, ўтувчанлиги, ишончлилиги ҳамда тежамкорлиги билан ажралиб туради. Энг муҳими, бу автомобилларда ҳаракатни тўхтатмай туриб ҳам беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин, дейилади хабарда.