30 август куни 50 та Volkswagen Caddy тез ёрдам автомашиналарини Қашқадарё ва Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги 103 шохобчаларига етказиб бериш бошланди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

А тоифали ушбу машиналар Jizzakh Auto заводи томонидан йиғилган. Фойдаланилаётганига 8 йилдан ошган машиналарни янгилаш лозимлиги учун 103 хизматида эскирган автоуловларни босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш чоралари кўрилмоқда.

Йил якунига қадар яна 610 дона ана шундай транспорт воситалари ҳудудларга етказиб берилиши режалаштирилган.

Январь ойида Республика тез тиббий ёрдам маркази автопарки юртимизда ишлаб чиқарилган 110 та Volkswagen Caddy тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланганди. Шунингдек, февраль ойида яна 117 донадан иборат навбатдаги партияси ҳудудларга тақдим этилган.

Маълумот учун, Volkswagen Caddy замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган. У халқаро талабларга тўла мос келиб, унинг ички қисми бемор ва тиббий ходимларнинг қулай жойлашиши имконини беради.