Тошкент марказида Амир Темур майдони ёнидаги Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Алоқабанк» офислари жойлашган офис бинолари «Микрокредитбанк» (MKBank) томонидан сотиб олинди. Бу ҳақдаги маълумотларни давлат харидлари порталидан топиш мумкин.

Бинолар банкка 11 октябрда тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилган. Зеро президентнинг 2018 йилдаги қарори билан давлат идоралари кўчмас мулкни тўғридан-тўғри харид қилиши ва ижарага олиши мумкин.

Рақамли технологиялар вазирлиги биноси 69,85 млрд сўмга, «Алоқабанк»нинг собиқ офиси эса 317,15 млрд сўмга (жами 387 млрд сўмга) сотилган. Шартномаларга кўра, «Микрокредитбанк» битим имзоланганидан кейин бир ой муддатда бинолар қийматининг 35 фоизини, қолган қисмини эса 2024 йилнинг октябрь-ноябрь ойларигача бўлиб-бўлиб тўлаши шарт.

Молиячи Отабек Бакиров банкнинг учинчи чорак якунлари бўйича ҳисоботига таяниб, «Микрокредитбанк» капиталининг рентабеллиги 0,7 фоизни ташкил этиши, яъни давлат 1 млрд сўм маблағ киритиб, атиги 7 млн сўм даромад олишини таъкидлади. 1 октябрь ҳолатига юқори ликвидли активларнинг умумий активлардаги улуши камида 10 фоиз бўлиши керак бўлсада, 7,1 фоизни ташкил этди.

Сотув тарихи

Давлат активларини бошқариш агентлиги биринчи марта АКТ вазирлиги (ўша пайтда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги) жойлашган бинони 2022 йил апрель ойида кимошди савдосига қўйди. Объект 0,26 гектар майдонда жойлашган бўлиб, бинолар ва иншоотларнинг эгаллаган умумий майдони — 3666 кв.м.

Худди шу мажмуада вазирлик билан ёнма-ён жойлашган «Алоқабанк»нинг бош офиси ўша йилнинг ноябрь ойида кимошди савдосига қўйилиб, энг қиммат лотга айланди. 2013 йилда қурилган, майдони 7345 квадрат метр бўлган бино харидорга мебель ва офис жиҳозлари билан 302,04 млрд сўмга таклиф этилди.

4 апрель куни бўлиб ўтган кимошди савдоси натижасида бино самарқандлик тадбиркор Хуршид Тўраевга алоқадорлиги айтилаётган Black Gold Industry News компанияси томонидан сотиб олинди. У объектлар учун 386,99 млрд сўм таклиф қилди. Айни пайтда харидорнинг устав капитали атиги 8 млн сўмни ташкил қиларди. Шу билан бирга, ким ошди савдосидан бир кун аввал «Алоқабанк» компанияга 15 йил муддатга 14 фоизли имтиёзли ставкада 390 млрд сўм (банк активларининг 20,4 фоизи) кредит берди.

Май ойи бошида Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов битимлар бекор қилинганини билдирди.