E-auksion маълумотларига кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳри марказидаги маъмурий бинони сотувга қўйди.

2012 йилда қурилган уч қаватли бино Амир Темур ҳиёбони яқинида, курантлар рўпарасида жойлашган. Энди ушбу давлат мулкини ижарага бериш ҳуқуқлари билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги шуғулланади.

Объект 0,26 гектар майдонда жойлашган бўлиб, бинолар ва иншоотларнинг эгаллаган умумий майдони — 3666 кв.м. Барча коммуникациялар — газ, электр, сув, канализация тизимлари мавжуд.

Лотнинг бошланғич баҳоси — 66,52 млрд сўм этиб белгиланди. Аукцион 16 май куни бўлиб ўтади, аризалар худди шу санага (соат 9:00 га) қадар топширилиши мумкин.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил декабрдаги қарори асосида 15 апрель куни мулкни сотиш бўйича буйруқ чиқарган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Тошкент шаҳридаги ҳарбий шаҳарча аукцион орқали 266,4 млрд сўмга сотилгани ҳақида хабар берган эдик.