E-auksion савдо платформасида Тошкент марказидаги Амир Темур майдони яқинида жойлашган иккита маъмурий бино бўйича савдолар якунланди. Spot иккита давлат мулки бир компания томонидан 387 млрд сўмга сотиб олинганига эътибор қаратди.

Иккала аукцион 4 апрель куни бўлиб ўтди ва битта таклифдан кейин якунланди. «Алоқабанк» бош идораси биноси 10 дақиқа 44 сонияда 317,14 млрд сўмга сотилди, бу лотнинг бошланғич баҳосидан (302 млрд сўм) 5 фоизга кўпдир.

e-auksion, аукцион, рақамли технологиялар вазирлиги, хусусийлаштириш

Энг юқори нарх таклифи Black Gold Industry News томонидан берилди. 9 сониядан сўнг у Рақамли технологиялар вазирлиги биноси учун иккинчи ким ошди савдосида ҳам ғолиб чиқди. Бу кўрсаткич ҳам дастлабкисидан 5 фоизга ошиб, 69,85 млрд сўмни ташкил этди.

Ягона корпоратив маълумотлар портали маълумотларига кўра, 3 апрель куни — ким ошди савдосидан бир кун аввал «Алоқабанк» ушбу компанияга 15 йил муддатга 14 фоиз ставкада 390 млрд сўм кредит ажратган. Бу банк активларининг 20,4 фоизини ташкил этади. Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, февраль ойида тадбиркорлик субъектларига берилган кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 21,9 фоизни ташкил қилган.

Банкни сотиш бўйича ким ошди савдоси шартларида «Алоқабанк» томонидан кўчмас мулк сотиб олиш учун 7−10 йил муддатга 16 фоиз ставкада кредит ажратиши мумкинлиги қайд этилди. Ўз навбатида, АКТ вазирлиги биносини сотиб олиш учун бундай шартлар белгиланмаган.

КТЯДР маълумотларига кўра, Black Gold Industry News 2022 йил 31 январда Самарқандда рўйхатдан ўтган. Устав капитали 8 млн сўм бўлган корхонанинг асосий фаолияти тоғ-кон саноатидир. Ягона асосчиси ва раҳбари Зиёдулло Илёсиддин ўғли Жалоловдир.

Давлат активларини бошқариш агентлиги биринчи марта АКТ вазирлиги (ўша пайтда — Ахборот ва коммуникациялар вазирлиги) жойлашган бинони 2022 йил апрель ойида кимошди савдосига қўйган эди. Уч қаватли бинонинг умумий майдони 3666 кв.м бўлиб, бино ва унга туташ ҳудудлар давлат томонидан 66,52 млрд сўмга сотувга қўйилган эди.

Худди шу мажмуада вазирлик билан ёнма-ён жойлашган «Алоқабанк»нинг бош идораси ўша йилнинг ноябрь ойида кимошди савдосига қўйилиб, энг қиммат лотга айланди. 2013 йилда қурилган, майдони 7345 кв. м бўлган бино харидорга мебель ва офис жиҳозлари билан бирга таклиф этилган, деб ёзади Spot.

2021 йилда Рақамли технологиялар вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар Мирзо Улуғбек туманидаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркига кўчиб ўтиши режалаштирилгани ҳақида хабар берилган эди. Бундай кўрсатма президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил декабрь ойида берилган эди.

Вазирлик, банк ва бошқа ташкилотлар жойлашган уч қаватли бино 2012 йилда бузилган «Пойтахт» меҳмонхонаси ва Тошкент ўқитувчилар семинариясининг собиқ черкови (1898 йилда қурилган) ўрнида қурилган.