Арманистон бош вазири Никол Пашиньян яқин ойларда Озарбайжон билан тинчлик шартномаси имзоланишига умид билдирди, дея хабар қилди News.am.

«Биз ҳозир Озарбайжон билан тинчлик ва муносабатларни тартибга солиш бўйича келишув лойиҳаси устида ишлаяпмиз, умид қиламанки, бу жараён яқин бир неча ой ичида якунланади», — деди Пашиньян 26 октябрь куни Тбилисидаги «Ипак йўли» халқаро форумида.

Унинг сўзларига кўра, Ереван ва Боку 1991 йилдаги Олмаота декларациясига кўра бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олишлари тўғрисида келишувга эришган, унга кўра Арманистоннинг майдони 29,8 минг кв. км.ни ташкил қилади. Озарбайжоннинг майдони эса 86,6 минг кв. км. Озарбайжоннинг бу ҳудуди Тоғли Қорабоғ ерларини ўз ичига олади.

Бир ҳафта олдин Арманистон ҳукумати раҳбари Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашувлари чоғида ҳам Европа Иттифоқи воситачилигида Арманистон-Озарбайжон муносабатларини нормаллаштириш бўйича «йўл харитаси» тузилганини маълум қилган эди.

19 сентябрь куни Озарбайжон Қорабоғда «аксилтеррор тадбирлари» бошланганини эълон қилди. Эртаси куни Қорабоғ ҳукумати ўт очишни тўлиқ тўхтатиш бўйича келишувлар тузилганини эълон қилди. 28 сентябрь куни тан олинмаган республика президенти Самвел Шахраманян 2024 йил 1 январдан унинг фаолиятини тугатиш ҳамда барча давлат муассасалари ва ташкилотларини тарқатиб юбориш тўғрисидаги фармонни имзолади. Минтақа тўлиқ Озарбайжон назоратига ўтганидан сўнг 100 мингдан ортиқ этник арман Қорабоғни тарк этди.