Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси доирасида Глобал инвестиция форуми ҳамда унинг кўргазмаси ўтказилди, дея хабар бермоқда унда қатнашаётган «Газета.uz» мухбири.

Форум очилишида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва UNWTO бош котиби Зураб Пололикашвили нутқ сўзлади.

Ўзбекистон вакилининг сўзларига кўра, дунёнинг 100 га яқин давлати учун виза режими соддалаштирилгани туфайли мамлакатга келаётган хорижий сайёҳлар сони ҳар йили 30−40 фоизга ошиб бормоқда. 2022 йилда 5,2 миллион сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2023 йилнинг дастлабки уч чорагида 7 млн сайёҳ қабул қилинган.

«2024 йилда 10 миллион хорижлик сайёҳ келиши кутилмоқда. Мустақил халқаро ташкилотлар туризмни ривожлантириш ҳолатини барқарор деб баҳоламоқда. Биз янги рағбатлантириш механизмларини яратиш, инновацион стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва туризм таълимига сармоя киритиш орқали туризм хизматлари сифатини ошириш тарафдоримиз», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Маълумот ўрнида, бундан олдин туризм йўналишига раҳбарлик қилган собиқ маданият ва туризм вазири (ҳозирда маданият вазири) Озодбек Назарбеков шу йилнинг июль ойида 2022 йил охиригача мамлакатга 10 млн хорижий сайёҳ келиши, шунингдек, 20 млн маҳаллий аҳоли саёҳатлари ташкил этилишини маълум қилганди. Расмий статистика бўйича эса шу йилнинг 6 ойида 3,1 млн, 7 ойида эса атиги 3,7 млн сайёҳ ташриф буюрган.

unwto, азиз абдуҳакимов, глобал инвестиция форуми, туризм, экспомарказ

Форум доирасида «Экспомарказ»да ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистон ҳудудларининг мавжуд туристик-инвестицион салоҳияти, 3 та туристик-рекреацион зона (Зомин, Чорвоқ, Чимён), Марказий Осиё давлатлари (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон) стендлари ташкил этилган.

Шунингдек, 4 та стартап лойиҳалар (Япония, Чехия, Франция ва Бразилия) ва Туризм қўмитаси, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, Uzbekistan airports АЖ ва Uzbekistan helicopters МЧЖларининг кўргазмалари жой олган.

Таъкидланишича, мазкур форумда умумий қиймати 3 млрд долларлик инвестиция лойиҳалари тақдим этилмоқда.

Фото

unwto, азиз абдуҳакимов, глобал инвестиция форуми, туризм, экспомарказ

unwto, азиз абдуҳакимов, глобал инвестиция форуми, туризм, экспомарказ
Кўргазма доирасида хориж компаниялардан бири билан учрашув ўтказаётган Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев.
unwto, азиз абдуҳакимов, глобал инвестиция форуми, туризм, экспомарказ
Тадбирда юрган вилоят ҳокимлари: ўнгда Сурхондарё ҳокими Улуғбек Қосимов, чапда Самарқанд ҳокими Эркинжон Турдимов.

unwto, азиз абдуҳакимов, глобал инвестиция форуми, туризм, экспомарказ
Кўргазма доирасида хориж компаниялардан бири билан учрашув ўтказаётган Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов.

unwto, азиз абдуҳакимов, глобал инвестиция форуми, туризм, экспомарказ

Эслатиб ўтамиз, 16−20 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтмоқда. Саммит очилишида президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқиш ҳамда соҳани ривожлантириш бўйича қатор таклифларни илгари сурган.

Аввалроқ давлат раҳбари Ўзбекистонга сайёҳларни кўпайтириш масалалари бўйича йиғилишда бу борада яқин хориж ва Хитой катта салоҳиятга эгалигини таъкидлаган. Маданий тадбирларни кўпайтириш, фильмлар суратга олиш, туризм объектларида тозалик, хушмуомалаликни тарғиб қилиш бўйича кўрсатмалар берилган.