Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев душанба куни Самарқандда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси очилишида мамлакатлар ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Глобал туризмнинг энг долзарб муаммоси — бу туристларнинг кафолатланган хавфсизлик тизимини таъминлашдир. Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида кузатилаётган низо ва беқарор вазиятлар соҳа ривожига пандемиядан ҳам кўра кўпроқ салбий таъсир кўрсатмоқда», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев шу мақсадда, ҳозирги мураккаб вазиятни инобатга олган ҳолда, халқаро туризм соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асосларни кучайтириш мақсадида БМТ доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бораётган даврда «яшил» туризмни ривожлантириш бўйича халқаро Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканини таъкидлаган президент ташкилотнинг «Яшил» туризмни жорий этиш бўйича энг яхши шаҳар" номинациясини таъсис этишни ҳам таклиф қилди.

Қайд этилишича, ташкилот кўмагида яқинда иш бошлаган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ҳамда Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро университети ҳамкорлигида Глобал «яшил» туризм стартаплари лабораториясини яратиш режалаштирилмоқда.

«Биз энг яхши инновацион ечимларни яратиш мақсадида грант маблағларини ажратишга тайёрмиз. Барча аъзо давлатлар ва халқаро ташкилотларни ушбу лойиҳага қўшилишга таклиф этамиз», — деди давлат раҳбари.

Давлат раҳбари, шунингдек, имконияти чекланган сайёҳлар учун қулай шароитларни янада кучайтириш ва инклюзив туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида ташкилот доирасида 2025 йилни «Бутун жаҳон инклюзив туризм йили» деб эълон қилиш ва махсус декларация қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Бундан ташқари, у Бутунжаҳон туризм ташкилоти ҳузурида Сайёҳлик бўйича тарихий шаҳарлар кенгашини тузиш таклифини ҳам билдирди. Кенгашнинг биринчи йиғилишини қадимий Бухорода ташкил этишга тайёрлиги маълум қилинди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Самарқандда туризм соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган ва уларнинг малакасини оширадиган Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Халқаро туризм академияси очилишини эълон қилди. Келгуси ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон иқтидорли мутахассислар учун махсус грантларни тақдим этади ва давлатлар вакилларини бу дастурда фаол иштирок этишга чақиради.

Ўзбекистон президенти ташкилот билан яқин ҳамкорликда Жаҳон ёшлар туризми саммитини Тошкентда ўтказиш ҳақидаги ташаббусни ҳам илгари сурди.

Шу билан бирга, «Ипак йўли» брендини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ташкилотнинг махсус халқаро мукофотини таъсис этиш таклифини билдирди.

«Ушбу режани амалга оширишда биз бугун Бутунжаҳон туризм ташкилоти билан ҳамкорликда очган „Ипак йўлида туризм“ тематик офиси фаол шуғулланиши мумкин, деб ҳисоблаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, етакчи оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва энг яхши саёҳат блогерларини ўзида бирлаштирадиган Глобал медиа кампусинини ташкил этиш ғояси ўртага ташланди.

«Бундай медиа форумларни ҳар икки йилда бир марта Ташкилот Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессиялари доирасида ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Биринчи медиа кампусни юртимизда қабул қилишга тайёрмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.