2023 йилнинг январь-июль ойларида жами 3,7 млн нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Статистика агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Бу давр оралиғида энг кўп ташриф Тожикистон (1 млн 151,4 минг), Қирғизистон (912,8 минг) ва Қозоғистон (879 минг нафар)дан бўлди.

Саёҳат мақсадида Россиядан 417,4 минг киши келган бўлса, Туркиянинг кўрсаткичи 58 минг нафарни ташкил этди.

Бундан ташқари, Туркманистондан 39,6 минг нафар, Жанубий Кореядан 20,2 минг нафар, Ҳиндистондан 20 минг нафар, Хитойдан 17,7 минг нафар, Германиядан эса 14,1 минг нафар сайёҳ Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Таққослаш учун, 2022 йилнинг айни шу даврида кўрсаткич 2,4 млн нафарни ташкил этганди.

Президент қарори билан хориждан келган ҳар бир турист учун туроператорларга тенг улушларда 20 дан 100 долларгача субсидия ажратиладиган бўлди. Шунингдек, «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида ўқимоқчи бўлган айрим хорижий мамлакатлар фуқаролари учун давлат грантлари шакллантирилиши белгиланди.