Жорий йилнинг саккиз ойида Ўзбекистонга 4,3 млн сайёҳ ташриф буюрди, улардан тушган даромад 1,4 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида чоршанба куни бўлиб ўтган йиғилишда сўз борди.

Мамлакатга узоқ давлатлардан туристлар келиши кўпайган. Мисол учун, Ҳиндистон, Япония, АҚШ ва италиялик сайёҳлар сони 3−4 баробар ошган. Биргина Хоразмга Испаниядан 40 минг турист ташриф буюрган. Лекин улар транзит орқали келаётгани сабабли ортиқча харажат қилаяпти. Агар Мадриддан Ўзбекистонга авиарейс қўйилса, туроператорлар сайёҳларни 4 карра оширишга тайёрлигини билдирган, дея хабар қилинди йиғилишда.

Шу боис Транспорт вазирлигига хориждаги элчилар билан бирга авиақатновларни кўпайтириш чораларини кўриш топширилди.

Давлат раҳбари сайёҳларни жалб қилиш масаласида янги имкониятларни ишга тушириш зарурлигини таъкидлади. Аввало, қўшни давлатлардан, Россия ва Хитойдан сайёҳларни жалб қилиш учун қулай имконият борлиги таъкидланди.

Масалан, Хитойнинг ҳамма провинцияларига бориб, ҳудудлар туристик салоҳиятини кенг тарғибот қилиш, Хитойдан Самарқанд, Бухоро, Хоразмга, Сурхондарё ва Фарғона водийсига авиақатновларни йўлга қўйиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди, йилига 1 млн хитойлик сайёҳни жалб этиш имкониятлари таъкидланди.

Йиғилишда маданий тадбирларни кўпайтириш туристларни жалб қилишда катта имконият экани таъкидланди. Бундай тадбирлар Бухоро, Навоий, Наманган, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятларида кўп ўтказилаётгани, лекин Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида бу борадаги ишлар қониқарсиз экани айтилди.

Вилоятлар ҳокимлари Маданият вазирлиги билан биргаликда ҳар ой йирик маданий тадбир ўтказиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Туман ва шаҳарларда кўп сайилгоҳ, хиёбон, истироҳат боғлари, театр ва маданият уйлари бўш тургани, на туристларни, на аҳолимизни ўзига жалб қила олаётгани қайд этилди.

Ҳудудлар раҳбарларига бу жойларда мусиқий, кўнгилочар ва маърифий тадбирларни мунтазам ташкил этиб боришга топшириқ берилди.

Жаҳон амалиётида туризм салоҳиятини тарғиб қилишда кино, сериал ва ҳужжатли фильмлардан кенг фойдаланилмоқда. Шу боис, Кинематография агентлигига миллий тарих бўйича камида 50 та бадиий, ҳужжатли ва мусиқали асарлар яратиш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

Президент туризм объектларида санитария ва озодаликка эътиборни янада кучайтириш лозимлигини қайд этиб, бу бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.

Шунингдек, хушмуомала бўлиш, табассум қилиш, озодалик бўйича қисқа ҳажмли таъсирчан ижтимоий видеороликларни тайёрлаб, барча телеканаллар, ижтимоий тармоқлар ва экранларда мунтазам кўрсатиб бориш муҳимлиги таъкидланди.