14 октябрь куни Тошкент халқаро аэропортида бешинчи расмий споттинг-тур бўлиб ўтди, деб хабар қилди тадбирни ташкил этган Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Тадбирда Ўзбекистоннинг турли шаҳарлари, шунигдек, Россия, Қозоғистон ва Беларусдан 50 га яқин, жумладан, 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 12 нафар споттер иштирок этди. Ҳаммаси бўлиб 100 дан ортиқ ариза топширилди.

uzbekistan airports, авиаспоттинг, фото

Silk Avia, Uzbekistan Airways, Turkish Airlines, Kam Air, Loong Air, Air Astana, Utair, «Россия», «Аэрофлот», S7 Airlines, Qanot Sharq ва бошқа авиакомпанияларнинг учиш ва қўнишлари суратга олинди.

Анкеталарни кўриб чиқишда, аввалги босқичларда бўлгани каби, бир нечта мезонлар — авиация мавзуларига бағишланган шахсий веб-сайт, блог ёки ижтимоий тармоқда аккаунтнинг мавжудлиги, профессионал фото ва видео жиҳозларнинг мавжудлиги, шунингдек, ихтисослаштирилган веб-ресурслардаги нашрлар борлиги ҳисобга олинди.

Ўзбекистонда илк расмий авиаспоттинг 2021 йил 22 октябрда бўлиб ўтган ва шу куни Ўзбекистонда расмий споттингга старт берилган. Шунингдек, 2022 йил 26 январда Вазирлар Маҳкамасининг «Авиаспоттингни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган бўлиб, унда споттинг-турларни доимий равишда ўтказиш назарда тутилган.

«Газета.uz»да 2021 йилда авиация ишқибозлари ҳақидаги «Самолётлар парвозини юз йил бўлса ҳам кузатардим» мақоласи эълон қилинганидан сўнг Тошкент аэропортини кузатиш ғояси пайдо бўлган.