Фото: Сардор Дурумов
Самолётлар парвозини юз йил бўлса ҳам кузатардим
Авиаспоттинг нима ва нима сабабдан одамлар ҳаво кемаларини суратга оладилар?
Болаликда нигоҳларингизни кўкка қаратиб, ҳаяжон билан «самолёт!» дея ҳайқирганларингиз ёдингиздами? «Темир қушлар»га бўлган бу қизиқиш, гарчи ёшлари улғайган бўлса ҳам, авиаспоттерларни ҳамон тарк этгани йўқ. Улар кўпчиликнинг назаридан четда қолган гўзалликларни кўра олганликлари боис ҳар қандай об-ҳавода ҳам лайнерларнинг учиш-қўнишларини фотосуратга олишга шошадилар. «Газета.uz» Ўзбекистон споттерлари билан уларнинг севимли машғулотлари, ўлкамиз ва хориждаги споттинг фарқи ҳақида суҳбатлашди.
Сардор Дурумов
BIM-мутахассис (технологиялар, бино ва мураккаб саноат конструкцияларини информацион моделлаштириш)
Самолётлар ҳар доим мен учун устувор бўлган. Уларнинг куч-қудрати ҳақида ўйлаганимда ҳаяжонга тушаман. Менга уларнинг улуғвор ўлчамлари, фусункор ливреялари (тегишлилига оид белгилар) ва баҳайбат двигателлари ёқади. Инсон қўли билан яратилган барча парвоз воситаларига бўлган меҳр болалигимда мени варраклар учириш борасида устага айлантирди. Бу ишда қўлим шунчалар келишдики, ҳар сафар варракларни янада баландроққа ва узоқроққа учирардим, кеч тушгандагина уларни спиннингга (махсус ғалтак – тарж.) тушириб олардим.

Бола бошим билан самолётларни кузатиш учун Урганч аэропортига борардим. Эски терминалнинг иккинчи қаватида перрон ва учиш-қўниш йўлагини томоша қилиш мумкин бўлган кузатув майдончаси бор эди.
Ҳозирги кунда споттерлар дурбин, дафтар ва қалам билан эмас, балки фототехника ва ҳатто радиоприёмник билан қуролланган. Радиоприёмник учувчилар ва назоратчилар ўртасидаги суҳбатларни тинглаш учун керак – бу, масалан, Австралия ва Шимолий Америкада кенг ривожланган.

Дунё экстремаллари 13000 м баландликдаги самолётларни тасвирга оладилар. Бу каби тасвирлар учун улар камераларига телескоплар ўрнатадилар. Видеоспоттинг ҳам оммалашган.

Баъзида споттерлар самолётларни қизиқарли ракурсдан тасвирга олиш учун мураккаб йўлни босиб ўтишади. Пулковода бориш қийин бўлган ана шундай нуқта бор, унга ўрмон орқали уч километр юриш керак.

Spotterguide.net сайтида бутун дунё бўйлаб 500 та аэропорт учун шу каби йўналишлар ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган. Платформада хавфсизлик хизматларининг талаблари, тасвирга олиш вақтлари, споттинг мақсадида муайян манзил учун қандай объектив танлаш бўйича тавсиялар ва бошқаларни топиш мумкин.
Споттерлар кузатилган самолётларнинг шахсий ҳисобини юритадилар. Масалан, 2009 йилда Пулководаги биринчи споттингимдан бери мен 2500 дан ортиқ борт рақамларини тўпладим.

2014 йилдан буён Истанбул (Туркия), Ле-Бурже (Франция), Фарнборо (Англия), Мельбурн (Австралия) шаҳарларида бўлиб ўтган халқаро авиасалонларда қатнашиб келаман.

2019 йилда мен споттерлар танловида номинациялардан бирини қўлга киритдим. У Пулковода кузги споттинг жараёнида рўй берди. Баҳолаш компанияси ва Turkish Airlines менинг фотосуратимни танлади ва мен Истанбулга учишим керак эди, бироқ пандемия ўз тузатишларини киритди.

Яна бир муваффақият – Брисбен аэропорти фотосурати. У шу қадар муваффақиятли бўлганки, Австралиядан менга алоқага чиқишди ва бу ишни йиллик ҳисоботда чоп этишга рухсат сўрашди.
Кўпгина мамлакатларда, шу жумладан Қозоғистон ва Қирғизистонда расмий споттинг доимий ва тез-тез ўтказилади. Мамлакатимизда яқинда олтинчи «Дримлайнер» кутиб олинганида ва иккита Airbus вертолётини қабул қилиш пайтида муз эрий бошлади. Умид қиламанки, қачонлардир яккам-дуккам споттинг ирмоқчалари йил бўйи содир бўладиган воқеаларга тўла дарёга айланади.
Самолётларни камера билан суратга олиш шарт эмас. Уларнинг сеҳрловли учиши ва қўнишини шунчаки томоша қилиш ҳам мумкин. Афсуски, Ўзбекистонда бунинг учун муносиб шарт-шароит мавжуд эмас. Европанинг кўплаб аэропортларида бундай шароитлар мавжуд. Масалан, Манчестерда аэропорт атрофида панжара бўйлаб йўлакча барпо этилган бўлиб, у ерда одамлар пиёда юради ва велосипед ҳайдайди. Бизда ҳам шундай жойларни ташкил қилиш учун барча шароитлар мавжуд.

Масалан, Тошкентдаги халқаро аэропортнинг жанубий томонида бўш ер участкаси бор, ўшаерда йўлакча қуриб, кичик платформани ўрнатиш мумкин. Бир-икки йилда бу ерга нафақат маҳаллий одамлар, балки бутун дунёдан споттерлар ҳам оқиб келади, бу эса мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ҳам оширган бўларди.
реклама
реклама
Агар шундай шароитлар яратилса, споттинг сайтларида Тошкент халқаро аэропортига қўнаётган ёки у ердан учаётган самолётларнинг минглаб юқори сифатли, чиройли ва бетакрор фотосуратлари пайдо бўлади. Ҳозир бизда нима бор? Деярли ҳеч нарса.
Ўзбекистон аэропортлари атрофида самолётларни суратга олишга тўғридан-тўғри тақиқ йўқ. Аммо авиация хавфсизлигини назорат қилувчи органлардан – мудофаа ва ички ишлар вазирликлари, шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматидан рухсат олиш керак.

Ўйлайманки, мамлакатнинг барча аэропортларида бир нечта нуқталарни танлаш ва келишиш керак, бу ерда споттерлар йилнинг исталган вақтида ҳеч қандай рухсатсиз келиб тасвирга олишлари мумкин бўлиши керак. Акс ҳолда, тасвирга олиш учун доим рухсатномани қўлга киритиш жараёнларидан ўтиш ҳар қандай споттернинг иштиёқини сўндириб юборади.
100 йил яшаганимда, бутун аср давомида самолётларнинг учиши ва қўнишини кузатган бўлардим. Ва шунда ҳам тўймаган ва яна бир йил беришларини сўраган бўлардим. Умид қиламанки, мен қариликни уларни томоша қилиш билан ўтказаман.
Антон Абрамов
Саноат ускуналарини ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланадиган компанияда техник директор
Бугунги кунда авиаспоттинг санъатга айланди, чунки технология туфайли самолётларни қўлда ҳисоблаш шарт эмас. Биз шунчаки лайнерларни суратга олмаймиз, балки буни иложи борича чиройлироқ уддалашга ҳаракат қиламиз, токи ҳатто авиацияга бефарқ одамлар ҳам «темир қуш»нинг гўзаллигига эътиборини қаратсин. Ахир, авиация муҳандисликнинг чўққиси ҳисобланади. Кўп тоннали машиналарнинг парвозида жозибали ва сеҳрли нимадир бор.
Муҳитдин Ишанхўжаев
юрист, ДХШ мутахассиси
Йигирманчи аср бошларида Британия қироллик армияси кўнгиллилари самолётларни дурбин орқали кузатиб, қуйруқларидаги рақамларини дафтарларга ёзиб олишарди. Аммо реактив самолётлар пайдо бўлиши билан бу ҳаракат армия учун бефойда бўлиб қолди ва авиаспоттинг фуқаролик йўналишига айланди.

Ҳозирда ҳатто самолётларни «Флайтрадар» орқали кузатадиган одамни ҳамспоттерлар деб аташ мумкин.
Самолётлар муҳандислик мўъжизаси ва муҳандисларнинг узоқ йиллик машаққатли меҳнатидир. Улар ўзларида нафосат ва қудратни мужассам этади. Boeing 757га бир назар ташланг: қанчалар нозик, нафис, мураккаб аэродинамик самолёт. Ёки Ил-76 – қанотлари елкасида туташиб, полвонлардек кўкрак кериб турган«тошкентлик» забардаст ҳарбий транспорт самолёти. Ахир уларни севмасдан бўладими?

Мен болалигимдаёқ самолётларга ошиқ бўлганман. Менда ҳарбий самолётларнинг наклейкалари бор эди. Мобил телефонларда камералар пайдо бўлиши билан суратга ола бошладим. Бироз вақт ўтгач, мен авиаспоттинг борлиги ҳақида билиб қолдим ва шу тариқа иккита севимли машғулотимни бирлаштиришим мумкинлигини англаб етдим.

Авиаспоттинг – балиқ овига ўзшайди. «Флайтрадар»дан ноёб меҳмон ёки қизиқарли бортни аниқлайсан, шамол йўналишини топишга ҳаракат қиласан ёки махсус онлай хизматлар орқали қўниш йўналишини аниқлайсан, қуёш нурини ҳисобга олиб, энг мақбул нуқтани белгилайсан, кейинги режаларни тузиб, кутасан.

Биринчи споттингимда мен DHL махсус ливреяси туширилган Boeing 777 юк самолётини тасвирга олишга муваффақ бўлган эдим. Ҳар душанбада самолёт Тошкентга қўниб, ёқилғисини тўлдириб олади, баъзида Ўзбекистонга ҳам юк туширади. Сўнгра машина Гонгконгга йўл олади.
Уч йил олдин, мен ҳаваскорлар бир жамоага қўшилишлари кераклигини тушуниб етдим. Мен Aviaspotter Телеграм каналини яратдим, унда дастлаб ҳар хил самолётлар ҳақида, кейин пасайиш ва қўниш ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб бордим. Кейинчалик биз гуруҳ яратдик, унда ҳозирда 300 га яқин киши – авиакузатувчилар ва авиация соҳаси ишчилари – техниклардан тортиб амалдорларгача бор.

Ҳаваскорлар Мудофаа вазирлиги ва Uzbekistan Airways таклифига биноан мунтазам равишда споттингга боришади. Улар биргаликда маҳаллий авиамедиа соҳасида контент яратмоқдалар. Бизга тан олиниш қизиқ. Бизга маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳавола беради, бизнинг суратларимиз jetphotos.com, planespotters.net, airliners.net ва бошқа обрўли сайтларда эълон қилинади. Бу платформалар фотосуратларга нисбатан жуда қаттиқ талаблар қўядилар. Сардор Дурумов Ўзбекистон споттерлари орасида энг муваффақиятлиси бўлди. У Санкт-Петербургда яшайди.
Чет элда тасвирга олишга деярли ҳеч қандай чекловлар йўқ, шунинг учун бизнинг спорттерлар чет элга худди фестивалга отланаётгандек жўнайдилар. Умуман олганда, тегишли белгилар ва тахтачалар билан тақиқланмаган жойларда самолётларни суратга олишга рухсат берилади.

Ўзбекистонда аэропортларда суратга олиш мумкин эмас. Уларда тасвирга олиш учун рухсат олиш деярли имконсиз. Мен бу мавзуни бир неча бор кўтарганман, лекин ҳар доим «хавфсизлик ходимларидан жавоб кутяпмиз» деган жавобга тўқнаш келганмиз. Бугунги тақиқларнинг кўпчилиги Совет давридан қолиб кетган. Масалан, учиш-қўниш йўлаги ва бошқариш йўлаклари махфий ҳисобланади, шунинг учун биз уларни кадрга киритмасликка ҳаракат қиламиз. Ваҳоланки онлайн сунъий йўлдош хариталарида йўлакларни ҳам, йўлларни ҳам, авиатураргоҳни ҳам кўриш мумкин.
Бошқа мамлакатларда эса споттинг мунтазам равишда ўтказилади. Баъзи Европа аэропортларида махсус жиҳозланган майдончалар, миноралар ва ҳаттоки панжараларда тирқишлар бор. Бизда эса – бетон девор ва қуролли соқчилар турган миноралар.

Жаҳон амалиётида аэропортлар ва авиакомпаниялар ўз брендини тарғиб қилиш ва очиқлигини намойиш этиш учун споттинглар ташкил этиб туради. Авиакомпаниялар учун бу ўз машиналарининг суратларини олиш ва маркетинг кампанияларида ишлатишнинг қўшимча усули. Бизнинг авиакомпаниямиз ҳали бу даражага етиб келгани йўқ.
Асқар Тўраназаров
молиячи, тадбиркор
Болалигимдан мен учта нарсага қизиқардим: авиация, Қадимий Миср ва палеонтология. Агар динозаврлар тирик бўлганида, мен уларни ҳам, самолётларни ҳам кузатардим.

Биринчи споттинг тажрибаси болалигимда рўй берган, ўшанда амаким самолётларни кузатиш мумкин бўлган жойни билишини айтган. У жой Файзобод томонидан эди. У ерда тепаликни топдик, унинг устига чиқдик ва учиш-қўниш йўлагининг бир қисмини кўрдик. Ўзим билан плёнкали фотоаппаратим бор эди, лекин мен шунчаки «темир қуш»ларни томоша қилишни хоҳлардим.
Споттинг – бу самолётлар ортидан фотоов. Айниқса, қандайдир ноёб ёки махсус лайнернинг келишини кутаётганингизда, бу жуда қизиқ. Авиаспоттерлар – авиация блогерлари. Улар бу соҳадаги турли тадбирларни ёритади ва сифатли контент тақдим этишади.
реклама
реклама
Споттинг туфайли мен ажойиб одамлар билан учрашдим. Парвозлар ва улар билан боғлиқ бўлган барча нарсалар менинг ҳаётимни ажойиб маъно ва ижобий ҳис-туйғулар билан тўлдиради.
Юридик жиҳатдан, Ўзбекистонда фуқаролик ҳаво кемаларини тасвирга олишда ва умуман олганда ҳуқуқий тартибга солиш борасида ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас. Бироқ амалда баъзида чекловларга дуч келамиз. Сиз шунчаки аэропорт панжараси яқинида айланиб, самолётларни суратга олишингиз мумкин эмас. Кўпинча бу минорадан ҳуштак чалиш билан тугайди, милиция гуруҳи келиши мумкин. Менга ҳуштак ва «тасвирга мумкин эмас» деган бақириқнинг ўзи етарли ва мен доим кетардим. Адолат учун шуни айтиш керакки, авиация соҳасидаги кўпчилик, шунингдек, ҳарбийлар, бундай чекловлар ўтмишнинг қолдиғи эканлигини жуда яхши билишади.
Мамлакатимизда Мудофаа вазирлиги ва Ҳарбий ҳаво кучлари очиқлик ва қизиқиш кўрсатмоқда. Бу йил Uzbekistan Airports, Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Helicopters очиқликни намойиш этди. Илгари, буни фақат орзу қилиш мумкин эди.
Искандар Шарафов
Ўзбекистонда ҳозирча споттерларнинг расмий ҳамжамияти йўқ. Лекин кўпчилигимиз бир-биримизни яхши биламиз. Биз бўлажак авиаҳодисалар, эксклюзив лайнерларнинг парвозлари ва рейслари ҳақидаги маълумотларни алмашишга ҳаракат қиламиз, чунки куч бирликда.

Самолётларнинг ишқибозлари бор, винтқанотлар ва ҳатто ҳаво шарларини севувчилар бор. Баъзилар фуқаролик самолётларини суратга олишмоқда, бошқалари ҳарбий.
Билишимча, авиакомпаниялар ва аэропортлар авиаспоттерлар учун танловлар ўтказиб туради. Мукофотлар кўпинча бепул парвозлар, «миллар», ноёб атрибутикалар ва баъзида фототехникадан иборат бўлади. Ташкилотчилар эса ажойиб суратларга эга бўлишади, иштирокчилар ўзларининг севимли машғулотларидан завқ олишади.

Ҳар ким споттер бўлиши мумкин. Фототехникалар билан ишлаш истаги, вақти ва кўникмалари бўлса етарли. Аммо ҳар қандай одам севимли машғулоти билан шуғуллана олиши мумкин бўлган умумий хусусият бор: хоббига чўнтагингиз кўтарадиган даражада сармоя киритишингиз керак.
Сарвар Ҳайдаров
«Новости Ташкентского неба» Telegram-канали муаллифи
Самолётларга муҳаббат бобомдан юққан. У Чкалов заводида ишларди, мени авиация тадбирларига олиб борарди ва самолётлар ҳақида сўзлаб берарди.

Мен «Новости ташкентского неба» Телеграм канали муаллифиман, ушбу каналда маҳаллий аэропортлар билан боғлиқ ҳодисалар, авиациямиз, қизиқарли парвозлар ва Ҳарбий ҳаво кучларини қуроллантиришдаги янгиликлар ҳақида ёзаман. Олий ҳарбий авиация мактаби билан биргаликда мен IamPilot рукнини юритаман, унда мен олий мактабга кириш шартлари, имтиҳонлар ва бошқалар ҳақида ҳикоя қиламан.

Негадир бизнинг аэропортларда самолётни тасвирга олиш мантиқсиз равашда тақиқланган, гарчи бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ бўлса ҳам. Бу ўтмишнинг асоссиз акс-садоларидан бошқа нарса эмас. Бутун дунёда аэропортларнинг ўзлари споттерларни таклиф қилади, чиройли фотосуратлар олиш учун танловлар ўтказади. Аэропортлар ҳудудидаги баъзи биноларни суратга олиш мумкин эмаслигига қўшиламан. Аммо самолётнинг бунга нима алоқаси бор?
«Газета.uz» интернет-нашрига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми, уларни бошқалар билан бўлишишни хоҳлайсизми? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг