12 октябрь куни «Газета.uz» Жиззахлик тадбиркор Қашқадарёдан ўзига тегишли бўлган 60 тонна чигитни олиб чиқишда тақиққа учраганлиги тўғрисида хабар берганди. Ҳолат юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП партияси фракцияси аъзолари бўлган Тўлқинжон Каримов ҳамда Батирбек Тўразодалар томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигига депутатлик сўровлари юборилди.

Сўровда Ўзбекистон Конституциянинг 67-моддасида Республика ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши аниқ белгилангани, Конституциянинг 15-моддасига асосан Ўзбекистонда Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олиниши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши эслатиб ўтилган.

Қайд этилишича, шунга кўра, Конституция ва қонунларга асосланмасдан на ички ишлар ходимларининг, на ҳокимият вакилларининг товарларнинг эркин ҳаракатланишини чеклашга ҳеч қандай ваколати йўқ.

«Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси „Парламент назорати“ тўғрисидаги қонуни 15-моддасига мувофиқ, мазкур масала юзасидан асослантирилган тушунтириш беришингизни ёки нуқтаи назарингизни баён этишингизни сўрайман», — дейилади депутатлик сўровида.

Чигит иши

Жиззах шаҳридаги пахта мойи, шрот ва шелуха ишлаб чиқарувчи «Paxtakor sifat yog» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона электрон биржа савдолари орқали «Chiroqchi-klaster» ва «Kitob ip yigiruv» АЖ корхоналаридан жами 30 млрд сўм атрофидаги пахта чигити сотиб олган.

«Газета.uz» мухбири билан суҳбатда завод масъули Акмал Нуриевнинг таъкидлашича, 9 октябрь куни «Умакай» ЙПХ масканида 60 тонна чигит ортилган юк машинасининг белгиланган барча ҳужжатлари — шартнома, товар-транспорт юк хати, маҳсулот сифат сертификати (ҳужжат нусхалари таҳририятда мавжуд) бўлишига қарамай йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ҳеч қандай сабабларсиз тўхтатиб қолинган. Юклар 5 кундан буён асоссиз равишда ушлаб турилмоқда, дейди тадбиркор.

Тадбиркор таҳририятга тақдим этган видеода постда хизмат олиб бораётган, ўзини Ваҳоб Лутфуллаев деб таништирган ЙПХ ходими юк машинаси ҳайдовчисини тўхтатиб, ҳужжатларни текширмасдан орқага қайрилиб олишни буюрган. Ҳайдовчининг айтишича, қайрилишга имконият бўлмаган ва тирбандлик келтириб чиқармаслик учун 5 метрча олдинга ҳаракатланган ва йўл четида тўхтаган. ЙПХ ходими эса унга «қонуний талабларига бўйсунмаганлик» айбловини қўйган.

«Мана ҳаво ёмонлашяпти, ёмғир бошланди. Энди чигитнинг сорти бузилади, бу маҳсулотимизга таъсир қилади, нархи тушиб кетади. Чигитни фалон пулга сотиб олиб, заводга олиб келгунимча ҳамма нарсаси бузилиб, дабдала бўлса, эртага минусга кириб кетаманку?! Ишлаб чиқаришим тўхтаб қоляпти, ишчиларга ойлик беришим керак. Завод тўхтаб қолса, ойликсиз қолишади. Мен ҳам тайёр маҳсулотимни сотаман деб ҳаракат қиляман, бозорни кўриб турибиз, ҳар куни „ўйнаяпти“. Бу иш билан 10 йилдан ортиқ шуғулланамиз. Ўтган йили ҳам шу муаммоага учрагандик. Қашқадарёда ҳали 30 млрд сўмлик 9,5 минг тонна юкларимиз бор», — деди «Paxtakor sifat yog» МЧЖ вакили Акмал Нуриев.

«Газета.uz» ҳолат юзасидан Бизнес омбудсман, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига сўров юборди.

13 октябрь куни Бизнес омбудсман матбуот хизмати юқоридаги ҳолат кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Бу биринчи марта эмас

2020 йилнинг ноябрида Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг оғзаки кўрсатмасига биноан постлардаги йўл патрул хизмати томонидан пахта чигитини бир вилоятдан бошқа вилоятга олиб ўтишн тақиқланганди. Антимонополия қўмитасининг аралашувидан сўнг, тақиқлар олиб ташланган эди. Қўмита вилоят ҳокимликлари ҳамда ушбу вилоятлар Ички ишлар бошқармаларига нисбатан иш қўзғатганди.

2022 йилнинг январида эса самарқандлик тадбиркор ҳам 100 тонна чигит маҳсулотини Қашқадарёдан олиб чиқа олмаганди. Каттақўрғон шаҳри ҳокими Гавҳар Алимова Қашқадарёдан Самарқанд вилоятига чигитни олиб ўтишни гуёки тақиқлаш тўғрисида оғзаки кўрсатма бергани учун Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов устидан шикоят қилганди.

Бизнес-омбудсман ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлигини «тадбиркорларнинг ҳуқуқларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилган тақдирда тегишли чора кўриш бўйича огоҳлантирганди». Ҳокимлик чигит тўхтатиб қолинганига «техник хатолик туфайли таъминотчи корхона уруғлик чигит бериб юборганлиги»ни сабаб қилиб кўрсатганди. Шундан сўнг, самарқандлик тадбиркорнинг маҳсулоти 10 кунда етказиб берилиши маълум қилинганди.

Антимонополия қўмитаси ҳолатни ўрганиб, Қашқадарё ҳокимлиги ва вилоят ИИБ томонидан «Рақобат тўғрисида» ги қонуннинг 12-моддаси талаблари бузилганини билдирган. Қўмита тадбиркор зарар кўрган ҳолатда вилоят ҳокимлиги ва ИИБ устидан судга мурожаат қилиши мумкинлигини эслатиб ўтганди.