Самарқандлик тадбиркорнинг аукцион орқали сотиб олган 100 тонна чигит маҳсулоти Қашқадарё вилоятидан чиқарилмаганига таъминотчи кластер уруғлик чигит бериб юборгани сабаб қилиб келтирилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Аҳрор Содиқов маълум қилди.

«Қашқадарё вилояти бўйича ҳамма фермер хўжалик, кластерларга биз уруғ (чигит) тайёрлаб берамиз. Ҳолат шундай бўлдики, пахта заводдаги бизни масъул ходимлар чигитни биржага қўйишда нотўғри хатти-ҳаракатлар билан уруғлик чигитни, яъни кимёвий ишлов берилган чигитни қўйиб юборган… Хатолик бўлган… Шунинг учун биз чигитни қайтариб олиш ҳаракатига тушдик», — дейди корхона раҳбари (видео).

Унинг қўшимча қилишича, «ҳозирги ҳолатда корхона чигитни қайтариб олиб, кимёвий модда аралашмаган янги чигитни шакллантириб, тадбиркорга бериши керак».

Бироқ, ОАВларга юборилган, таъминотчи корхона ва тадбиркор билан ўзаро келишиб олгани қайд этилган хатда кластер раҳбари видеода айтганидек биржага уруғлик чигит қўйилгани эмас, балки унинг акси ёзилган.

Фото: Қашқадарё ҳокимлиги матбуот котиби.

«Oq Saroy Klaster масъул ходимларининг эътиборсизлиги натижасида бугунги кунда захирада сақланаётган 2022 йил пахта ҳосили учун экилиши режалаштирилган уруғлик чигитни юклаб юборилган», — дейилади унда.

Қолаверса, кластернинг ушбу хатоликка йўл қўйган ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўрилгани қайд этилган. «Келиб чиққан камчиликларни бартараф этиш мақсадида чигит юкланган юк автомашиналарини „Умакай“ мунтазам йўл патрул масканида маълум муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида хабар қилинди», — дея тушунтирилган хатда.

Шундан келиб чиқиб, таъминотчи корхона томонидан захира уруғлик чигит қайтариб олиниб, Marokand Gold Oil Extraction корхонасига 10 кун муддатда биржа савдоларида ютиб олинган техник чигит юклаб бериш юзасидан келиб олинган.

Хронология

Январь ойи бошида Каттақўрғон шаҳри ҳокими Гавҳар Алимова Қашқадарёдан Самарқанд вилоятига чигитни олиб ўтишни гуёки тақиқлаш тўғрисида оғзаки кўрсатма бергани учун Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов устидан шикоят қилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокими сўз бошида ҳоким «Қашқадарё вилоятига мамлакатнинг барча вилоятларида амал қилинаётган қонун ва қоидаларга нега амал қилинмаяпти?» деган савол билан юзланганди.

Қолаверса, тадбиркор ундан ёрдам сўраб, мурожаат қилгани, унинг юкларини икки вилоят чегарасида ЙПХ ходимлари «Қашқадарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаевнинг топшириғи асосида ушлаб туришганини маълум қилганди.

Шундан сўнг, у бир неча бор уринишлардан сўнг, Нодир Эркаев билан гаплашганини ёзган. «Чигит ортилган юк машиналарини чегарадан ўтказишга ёрдам қилишини илтимос қилдим. «…опажон чигитни вилоят ҳокими рухсат бермаса чегарадан чиқара олмайман», деди Нодир Худойбердиевич, — дея сўзлаб берганди Каттақўрғон ҳокими.

Гавҳар Алимова шундан сўнг вилоят ҳокими вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг телефон рақамини қийинчилик билан топиб, вазиятни тушунтирган ва чигитни қўйиб юборишини илтимос қилган. Вилоятнинг янги ҳокими эса «масалани ўрганиб чиқиб маълум қиламан», дея жавоб қилган.

Унинг сўзларига кўра, вилоят раҳбари шундан сўнг, унинг SMS хабарларига жавоб бермаган ҳамда унинг тўрт кун давомида юкни ўтказиш масаласини ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари зое кетган.

4 январь куни мазкур ҳолатга Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ўз муносабатини билдирди.

Хабарда айтилишича, 28 декабрь куни Чироқчи туманидаги «Умакай» постида Йўл ҳаракат хавфсизлиги ходимлари томонидан чигит маҳсулоти ортилган 3 та юк транспорт воситалари тўхтатилган. Ўзини чигитни олиб кетаётган корхона экспедитори деб таништирган Комил исмли шахс қоғоз шаклидаги 94 тонна чигит маҳсулотини Oq Saroy Klaster МЧЖдан Marokand Gold Oil Extraction МЧЖга жўнатилганлиги ҳақида қўлда ёзилган (QR кодга эга бўлмаган) юк хатини тақдим қилган.

«Marokand Gold Oil Extraction олиб кетаётган чигит маҳсулоти бўйича QR кодга эга бўлган ҳисобварақ-фактура бўлмаганлиги ва тақдим этилган ҳужжатларда шубҳа туғилганлиги сабабли 3 та юк транспорт воситаларидаги чигит маҳсулотлари қонуний равишда вақтинча сақловга олинган», — дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

«Тезкор қидирув тадбирлари ошкора ва ноошкора усулларда ўтказилгани сабабли айрим ҳолатлар ошкор этилмайди», — дея якунланганди баёнот.

Бироқ, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги муносабатида Oq Saroy Klaster раҳбари айтганидек, биржа уруғлик чигит қўйилгани ва шу сабаб пост патрул хизматида ушлаб турилгани ҳақида бирор маълумот келтирилмаганди.

Бизнес-омбудсман

6 январь куни, воқеалар ривожида Бизнес-омбудсман Қашқадарё ҳокимлигини огоҳлантирди.

Хусусан, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ва ИИБга сўров хатлари киритилган.

«Шу билан бирга, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Бизнес-омбудсман томонидан 05.01.2022 йилда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилган тақдирда тегишли тартибда чора кўриш бўйича огоҳлантирилди», — дейилганди хабарда.

Бизнес-омбудсман ўрганиш ишлари якуни бўйича хабар берилишини қўшимча қилганди.

Антимонополия қўмитаси

Пайшанба куни шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ҳокимияти ва Қашқадарё вилояти ИИБга сўровнома юборилганини маълум қилди.

«Ҳолат юзасидан Қўмитага ҳам мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда Монополияга қарши қонунчилик ҳужжатлари доирасида чора кўриш учун ўрганилмоқда. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади», — дейилади хабарда.

Қолаверса, қўмита 2020 йилда ҳам 3 та вилоятда шу каби ҳолат кузатилганини эслатиб ўтган.

2020 йил 27 ноябрида Рақобат тўғрисидаги қонунининг 12 моддаси талаблари бузилганлиги ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарорига мувофиқ, Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоят ҳокимликларига ҳамда ушбу вилоятларнинг ИИБларига нисбатан Антимонополия қўмитаси томонидан 2020 йил 27 ноябрда иш қўзғатилганди.

Ўша йили қонунчилик талаблари бузилганлиги ўз тасдиғини топганлиги сабабли ҳокимликларга ва вилоятларнинг ИИБларига нисбатан қўмитанинг қарори қабул қилинган ва кўрсатмаси берилган эди. «Шунга қарамай, Қашқадарё вилоятида бу каби ҳолат қайта кузатилмоқда», — дейилади хабарда.