Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликлари томонидан ҳудудлардаги ИИБларга пахта чигитининг бошқа вилоятларга олиб чиқилишини тақиқлаш бўйича оғзаки топшириқ берилгани ўрганиб чиқилди.

Қўмита матбуот хизматининг қайд этишича, биржа савдоларида республиканинг барча ҳудудларидаги ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ушбу чигит маҳсулотини сотиб олишлари мумкинлиги қонунчилик билан белгиланган бўлсада ҳокимликлар чигитни фақатгина ушбу ҳудуддаги ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиб олиниши ва ушбу ҳудуддан олиб чиқиб кетмасдан ишлатиши бўйича кўрсатма берилмоқда.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан барча вилоятлар ҳокимликларига ҳамда Ички ишлар вазирлиги ва вазирликнинг вилоят бошқармаларига бундай ҳаракатларни содир этилишига йўл қўймаслик бўйича тегишли чоралар кўриш юзасидан мурожаат қилинди.

Шунингдек, бугунги кунда қўмита томонидан юқорида тилга олинган вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Ички ишлар бошқармаларига нисбатан тегишли иш қўзғатди, дейилади хабарда.

Аввалроқ «Газета.uz» ўзининг Телеграм-каналида вилоятлардаги ҳокимиятлардан биридаги ахборот манбасига таяниб берган хабарида мазкур ҳолат тадбиркорлик субъектларига жиддий зарар келтираётгани, уруғлик чигит кластерлари эса тўловни вақтида ўтказа олмаётганини маълум қилган эди.