Самарқандлик тадбиркор товар ва хом-ашё биржасидан очиқ савдолар асосида сотиб олган 100 тонна чигит маҳсулотини Қашқадарёдан олиб чиқа олмаётганиҳақида ёзган эдик. Мазкур ҳолат юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўрганиш ишлари якуни бўйича маълумот берди.

Таъкидланишича, 23 декабрь куни Самарқандда фаолият юритаётган «Pet agro oil» МЧЖнинг тегишли тартибда биржа савдолари орқали Қашқадарё вилоятидаги «Koson Baxt Tekstil» МЧЖдан пахта чигити сотиб олган. Бироқ ушбу чигитни Қашқадарё вилоятидан олиб чиқиб кетишда «Умакай» мунтазам ЙПХ масканида Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан ушлаб туриш тақиқлари қўйилган. Тадбиркорнинг мурожаатига кўра, бу вилоят ҳокимининг топшириғи билан ҳеч қандай асословчи ҳужжатларсиз бажарилгани туфайли ушбу масалада амалий ёрдам берилишини сўраган.

Қўмита ҳолат бўйича ўрганишлар ўтказди, унда Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарори билан тасдиқланган низом бузилгани аниқланган.

«Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддаси талаблари бузилиши орқали, уларга нисбатан 6 январь куни иш қўзғатилган. Юқоридагиларга асосан ҳокимлик ва ИИБга тадбиркорнинг чигит маҳсулотларини Қашқадарё вилоятидан олиб чиқиб кетишига тўсқинлик қилмаслик чораларини кўриш бўйича 12 январь куни 11/2-сонли кўрсатма берилган», — дейилади хабарда.

Шундан сўнг юқорида кўрсатилган тадбиркорлар 20 январь куни ўзларига тегишли бўлган чигитни Кашқадарёдан олиб чиқиб кетган. Улар қўмитага эътирози йўқлиги, ўз маҳсулотларини айнан қўмитанинг аралашувидан сўнг олиб чиқиб кетилганлиги хақида маълум қилишган.

Қолаверса, қўмита жазога тортиш, жарима қўллаш ёки бошқа жавобгарлик белгилаш ваколатига эга эмаслигини эслатиб ўтган.

«Агар давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва улар мансабдор шахсларининг рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузувчи ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли хўжалик юритувчи субъектга ёхуд бошқа шахсга зарар етказилган бўлса, у ҳолда мазкур зарарнинг ўрнини қоплаш юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тадбиркор судга мурожаат этиши мумкин», — дейилади изоҳда.

Хронология

2 январь куни Каттақўрғон шаҳри ҳокими Гавҳар Алимова Қашқадарёдан Самарқанд вилоятига чигитни олиб ўтишни гуёки тақиқлаш тўғрисида оғзаки кўрсатма бергани учун Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов устидан шикоят қилганди. Унинг сўзларига кўра, вилоят раҳбари унинг SMS хабарларига жавоб бермаган ҳамда унинг тўрт кун давомида юкни ўтказиш масаласини ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари зое кетган.

3 январь куни кечқурун Умиджон Тоиров Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев билан учрашганини айтмоқда. Нодир Эркаев тадбиркор билан суҳбатда ИИБга ҳокимлик томонидан ҳеч қандай топшириқ берилмаганини билдирган.

«ИИБ ҳокимлик топшириғи деса, ҳокимлик биз топшириқ бермаганмиз деса, кимга ишонишни ҳам билмай қолдик», — дейди Умиджон Тоиров.

Шу куни вилоят ҳокимлигида Эркин Тўхтаев деган киши ҳам ўзини масъулман деб таништирган ва Тоировга «Ҳужжатларимизда камчилик бор экан, тўғриладик», деб тушунтириш хати ёзиб беришни сўраган. Нарш маълумотларига кўра, Эркин Тўхтаев — Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ахборот сиёсати бўйича доимий комиссия раиси ҳисобланади.

4 январь куни Қашқадарё вилояти ҳокимияти Самарқанд вилоятига олиб кетилаётган чигит маҳсулотлари ортилган учта юк машинаси тегишли ҳужжатлари бўлмаганлиги учун тўхтатиб қолинганини сабаб қилиб кўрсатганди.

«Marokand Gold Oil Extraction олиб кетаётган чигит маҳсулоти бўйича QR кодга эга бўлган ҳисобварақ-фактура бўлмаганлиги ва тақдим этилган ҳужжатларда шубҳа туғилганлиги сабабли 3 та юк транспорт воситаларидаги чигит маҳсулотлари қонуний равишда вақтинча сақловга олинган», — дейилганди ўшанда.

6 январь куни Бизнес-омбудсман Қашқадарёдан самарқандлик тадбиркорнинг 100 тонна чигит маҳсулоти чиқарилмаётгани ҳолати юзасидан вилоят ҳокимлигини «тадбиркорларнинг ҳуқуқларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилган тақдирда тегишли чора кўриш бўйича огоҳлантирди». Компания вакили ҳужжатларида муаммо йўқлигига ва чигит оғзаки топшириқ билан ушлаб турилганига ишонтирмоқда.

7 январь куни Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан, хусусан, ҳокимнинг матбуот котиби Аҳрор Содиқов Telegram каналида чигит тўхтатиб қолинганига «техник хатолик туфайли таъминотчи корхона уруғлик чигит бериб юборганлиги» сабаб қилиб кўрсатилди.

Самарқандлик тадбиркорнинг аукцион орқали сотиб олган 100 тонна чигит маҳсулоти Қашқадарё вилоятидан чиқарилмаганига таъминотчи кластер уруғлик чигит бериб юборгани сабаб қилиб келтирилди.

«Қашқадарё вилояти бўйича ҳамма фермер хўжалик, кластерларга биз уруғ (чигит) тайёрлаб берамиз. Ҳолат шундай бўлдики, пахта заводдаги бизни масъул ходимлар чигитни биржага қўйишда нотўғри хатти-ҳаракатлар билан уруғлик чигитни, яъни кимёвий ишлов берилган чигитни қўйиб юборган… Хатолик бўлган… Шунинг учун биз чигитни қайтариб олиш ҳаракатига тушдик», — деган корхона раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, «ҳозирги ҳолатда корхона чигитни қайтариб олиб, кимёвий модда аралашмаган янги чигитни шакллантириб, тадбиркорга бериши керак».

Шундан сўнг, самарқандлик тадбиркорнинг маҳсулоти 10 кунда етказиб берилиши маълум қилинди.

Биринчи марта эмас

2020 йилнинг ноябрида Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг оғзаки кўрсатмасига биноан постлардаги йўл патрул хизмати томонидан пахта чигитини бир вилоятдан бошқа вилоятга олиб ўтишни тақиқланганди. Антимонополия қўмитасининг аралашувидан сўнг, тақиқлар олиб ташланган эди.

Бунга қадар, Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев 4 январгача барча ходимлар учун дам олиш куни этиб белгиланганига қарамасдан, январь бошидан вилоятдаги ҳоким ёрдамчиларини ишга чақириб олгани ҳақида ёзгандик. «1 январдан ҳамма маҳаллада иш бошлаши керак», — деб ёзган у ижтимоий тармоқларда тарқалган суратда. Нодир Эркаев 3 январь куни ҳоким ёрдамчилари билан Қамаши туманидаги маҳаллаларга ҳам борган.