8 октябрь куни Хитойнинг Ханжоу шаҳрида Осиё ўйинларини якунланганидан 2 кун ўтиб, мамлакатнинг Тайюан шаҳрида таэквондонинг WT йўналиши бўйича гран-при мусобақаси бошланди. Унда 5 нафар ўзбекистонлик спортчи иштирок этди ва 4 та медалга эга чиқди.

10 октябрь куни -49 кг вазн тоифасида жангга киришган Мадинабону Маннопова мусобақа давомида Туркия, Марокаш, Саудия Арабистони вакилларини енгди. Ярим финалда Хитой спортчисига имкониятни бой берди ва бронза медалига эга чиқди. У Осиё ўйинларида ҳам бронза медалини олганди.

11 октябрь куни бронза медаллар сони яна иккитага кўпайди. Осиё ҳамда Олимпия ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитов (-68 кг) ҳамда Жасур Жайсуновнинг (-80 кг) иккалови ҳам ярим финалда жанубий кореялик рақибига мағлуб бўлиб, 3-ўринни эгаллади.

12 октябрь куни +80 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Никита Рафалович Тунис, Хитой, Хорватия, Жанубий Корея вакиллари устидан ғалаба қозонди. Бироқ финалда россиялик Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Владислав Ларинга 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Натижада мусобақани иккинчи ўринда якунлади.

Иштирокчилар орасида +67 кг вазн тоифасида жанг қилган Светлана Осипова совриндорлар қаторидан жой ололмади. У аввалроқ Осиё ўйинларида бронза медалига эга чиққанди.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси мазкур мусобақани 1 та кумуш ва 3 та бронза медали билан тугатди.