Ўзбекистон ва Чехия саноат маҳсулотларини Европа стандартлари бўйича сертификатлаш соҳасида ҳамкорлик қилмоқчи. Бу бўйича бош вазир Абдулла Арипов 10 октябрь куни Чехияда мамлакат бош вазири Петр Фиала билан учрашувда келишувга эришди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда Чехия капитали иштирокида 50 га яқин корхона фаолият юритмоқда. 2023 йилнинг январь-август ойларида ўзаро савдо ҳажми қарийб 2,5 баробар ўсган. Бунга Ўзбекистон Европа Иттифоқи Преференциялар бош тизимига («GSP+») қўшилгани ҳам ёрдам берди, дейилади бош вазир матбуот хизмати хабарида.

Учрашувда Ўзбекистон Европа Иттифоқининг юқори стандартлари ва техник регламентларига мос келадиган тайёр маҳсулотларни экспорт қилишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Шу сабабли Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг Европа бозорларига чиқишида ягона «СЕ» (Certification Europe) белгиси билан сертификатлаш мақсадида синовдан ўтказиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.

Учрашувда, шунингдек, инвестиция, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, транспорт, бандлик, таълим, тиббиёт, туризм каби қатор йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шу йилнинг апрель ойида Чехия бош вазири Петр Фиала Тошкентда Ўзбекистон президенти ва бош вазири билан музокаралар ўтказганди. Ўшанда Чехия томони уран ва мис сотиб олиш, трамвай, поезд ва самолётлар етказиб беришдан манфаатдор эканини маълум қилинган. Тўғридан-тўғри парвозларни ташкил этиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинган.