Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳалари доирасида учта темир йўл вокзалини ривожлантириш таклиф қилинмоқда. Бу президентнинг 10 октябрдаги темир йўл транспорти соҳасини ислоҳ қилиш бўйича қарорида назарда тутилган, деб хабар берди Адлия вазирлиги «Газета.uz»га.

Гап Тошкент, Самарқанд ва Қўқон вокзаллари ҳақида бормоқда. Транспорт вазирлигига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда станцияларни ДХШ асосида ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Транспорт вазирлиги ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Навоий кон-металлургия комбинати билан биргаликда «Навоий-Учқудуқ» темир йўл участкасини электрлаштириш лойиҳалари самарадорлигини ҳам ўрганади.

Бундан ташқари, «Тошкент-Ангрен» участкасида иккинчи электрлаштирилган линияни қуриш, мавжуд участкани модернизация қилиш, шунингдек, ушбу йўналишда жойлашган саноат корхоналари юкларини экспорт қилишда логистика хизматлари кўрсатиш учун терминал ва Тошкент вилояти Оҳангарон туманида мультимодал транспорт логистика марказини яратиш бўйича лойиҳани ўрганиш топширилди.

НКМК, ОКМК, «Ўзметкомбинат», «Ўзкимсаноат» ва бошқа экспорт қилувчи корхоналар томонидан темир йўл хизматларидан фойдаланиш даражасини ошириш учун транспорт логистика компаниялари ташкил этилади.

Агар ушбу вазирликлар лойиҳаларни самарали деб ҳисобласа, ҳукуматга таклифлар киритиши керак бўлади.

Президент, шунингдек, уч ой муддатда тегишли инфратузилмани яратган ҳолда шаҳар ичида жойлашган станциларни Тошкентдан ташқарига кўчириш бўйича дастурлар ишлаб чиқишни ҳам топширди.

Бўшайдиган ер участкалари онлайн аукционда сотилади. Сотишдан тушган маблағлар темир йўл тармоғи инфратузилмасини ривожлантиришга ҳамда республика бюджетига тенг улушларда йўналтирилади.

2010 йил август ойида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан қиймати 85,4 миллион АҚШ доллари бўлган 114 километр узунликдаги «Тошкент-Ангрен» автомобиль йўлини электрлаштириш ишлари якунланган. Лойиҳа Германиянинг KfW банки ва Кувайт Иқтисодий ривожланиш жамғармаси кредити (57,4 миллион доллар), «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг ўз маблағлари (28 миллион доллар) ҳисобидан молиялаштирилган.

Аввалроқ «Газета.uz» Ўзбекистонда 2024 йилдан бошлаб юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездлар учун чипталар нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилиниши ҳақида хабар берганди. Тарифлар бозор тамойиллари асосида белгиланади.

Худди шу фармонда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти негизида инфратузилма, юк вагонлари ва логистика, йўловчи ташиш (тезюрар поездлар учун алоҳида) ҳамда вокзал бошқаруви бўйича алоҳида корхоналар ташкил этиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон президенти сентябрь ойида бўлиб ўтган йиғилишда темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш ва соҳага замонавий менежментни жорий этиш режаларини маълум қилганди.