Йил охиригача «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва унинг корхоналари негизида алоҳида компаниялар ташкил этилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 10 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган, деб хабар берди Адлия вазирлиги «Газета.uz»га.

Ташкил этилаётган компаниялар

«Темирйўлинфратузилма» АЖ — йўл хўжалиги, электр таъминоти, сигналлаштириш ва алоқа, локомотив хўжалиги, ягона диспетчерлик маркази ва юк станциялари иш фаолиятини таъминлаш бўйича;

«Темирйўлкарго» АЖ — юк ташиш хизматларини амалга ошириш, юк вагон ва контейнер хўжалигини сақлаш ва ривожлантириш, мультимодал «эшикдан эшиккача» ташувларни йўлга қўйиш, логистика марказлари ва терминалларини ташкил этиш бўйича;

«Темирйўлэкспресс» АЖ — юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларда йўловчиларни ташиш хизматини кўрсатиш бўйича;

«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ таркибида вокзаллар фаолиятини таъминлаш бўйича «Темир йўл вокзаллари» МЧЖ ва шаҳар атрофида йўловчилар ташиш бўйича «Шаҳар атрофида йўловчи ташиш» МЧЖ;

«Темир йўл ижтимоий хизматлар» муассасаси — болалар оромгоҳлари, соғлиқни сақлаш, маданий-маърифий ва спорт объектларини сақлаш бўйича.

Юқоридаги ташкилотларнинг таъсисчиси (акциядори ва эгаси) «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ҳисобланади. Шунингдек, у ўз таркибидаги ташкилотларга бухгалтерия ҳисоби, молия, менежмент, рақамлаштириш, харидлар, кадрлар малакасини ошириш ва бошқа соҳаларда хизматлар кўрсатади.

Ўзгаришлар соғлом рақобат муҳитини яратиш, соҳага хусусий сармояларни жалб этиш, бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, хизматлар сифати, хавфсизлиги ва ишончлилигини оширишга қаратилган, дейилади ҳужжатда.

Президент сентябрь ойида бўлиб ўтган йиғилишда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти холдинг компаниясига айлантирилишини маълум қилган эди. Унинг айтишича, аҳоли поездларда чипталар сотиш, шароит ва хизмат кўрсатишдаги коррупция ҳолатларидан норози.

Июль ойида президент Хуснутдин Хосиловни «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбари лавозимидан озод этиш ҳақида буйруқ берган эди. Зуфар Нарзуллаев бошқарув раиси в. б. бўлди.

Ўша президент қарори билан 2024 йилдан бошлаб тезюрар ва тезюрар йўловчи поездлари учун чипталар нархини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилиниши ҳақида ёзган эдик. Тарифлар бозор тамойиллари асосида белгиланади.