Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда темир йўл соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар суръати иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги ислоҳотлардан ортда қолаётгани, «бу соҳада туб ўзгаришлар қилиш вақти келганини» таъкидлади. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Июль ойида Зуфар Нарзуллаев «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига янги раҳбар этиб тайинланган эди. Соҳада 30 га яқин «эскича ва ташаббускор» раҳбарлар «янгиланиб», самарасиз штатлар қисқартирилди, дейилади йиғилишда.

Президент топшириғига кўра 191 вокзалдаги «реал ҳолат» ўрганилиб, 500 нафар тадбиркор билан учрашувлар ўтказилди.

Натижада темир йўл соҳасида ечимини талаб қиладиган асосий муаммолар аниқланди.

Жумладан, айрим темир йўл корхоналари рентабеллиги паст, вагонлар паркининг бир қисми таъмирталаб ва янгиланишга муҳтож, соҳада хусусий сектор иштироки учун зарур имкониятлар яратилмаган, билет сотишдаги коррупция, вагонлардаги шароит ва сервисдан аҳолимиз норози. Буларнинг барчаси соҳани ислоҳ қилиш заруриятини кўрсатмоқда, дея таъкидлади президент

Йиғилишда импорт вагонларининг катта қисми пойтахт ва вилоят марказларига кириб келиши оқибатида станцияларда тирбандлик юқори бўлаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан темир йўл юк станцияларини шаҳарлардан ташқарига кўчириш имкониятини ўрганиш зарурлиги қайд этилди. Бу шаҳарларда юк машиналари ҳаракатини қисқартиришга, туманларга қўшимча инвестиция киришига хизмат қилади.

Шавкат Мирзиёев рақамлаштириш даражаси пастлигини ҳам таъкидлади. Жумладан, етти ой давомида юк ташиш хизматларининг атиги 8 фоизи электрон шаклда расмийлаштирилган, йўловчи чипталарининг 57 фоизи кассалар орқали сотилган.

Бундан ташқари, марказий станцияларга кириш чекланган. Автотураргоҳлар поезд станцияларидан узоқда жойлашган. Бекатларда савдо ва хизмат кўрсатиш ишлари тўғри йўлга қўйилмаган.

Президент поездлар тўқнашувининг олдини олиш учун барча автомобиль ва темир йўл кесишмаларини назоратга олиш, йўл белгилари, тўсиқлар ва видеокузатув камераларини ўрнатишни топширди.

Давлат раҳбари томонидан «Ўзбекистон темир йўллари»ни холдингга айлантириб, тизимда замонавий бошқарувни жорий қилиш, жумладан, инфратузилма, юк вагонлари ва логистика, йўловчи ташиш хизматлари ҳамда вокзаллар бошқарувини бир-биридан ажратиб, алоҳида корхоналар ташкил қилиш бўйича билдирилган таклифлар маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, президент 2022 йил апрель ойида «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясини трансформация қилиш, ривожлантириш ва хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган эди. Тариф сиёсатини такомиллаштириш ва ташувларни франшиза асосида хусусий секторга бериш режалаштирилган эди.