Август ойидаги кескин ўсишдан сўнг сентябрда аҳоли томонидан сезилган (шахсий) инфляция пасайди. Марказий банк тақдим этган инфографикага кўра, кўрсаткич 1,2 фоиз пунктга — 13,3 фоизгача пасайган.

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Сентябрь ойида йиллик ҳисобда 9,2 фоизни ташкил этган расмий инфляция билан фарқ 4,1 фоизни ташкил этди (фарқ июлда 3,8 фоиз, августда эса 5,5 фоиз бўлганди).

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Нон ва ун нархларининг юқори даражада ўсганини кўрсатган респондентлар улуши (53 фоиз) кескин ошди, август ойида респондентларнинг атиги 14 фоизи бу омилни қайд этганди. Нархларнинг ўсиши бўйича кейинги ўринларда гўшт ва сут — 43 фоиз (август ойида 45 фоиз эди), бензин ва ёқилғи — 34 фоиз (40 фоиз), тухум — 31 фоиз (23 фоиз), мева ва сабзавотлар — 25 фоиз (25 фоиз) кўрсатилган.

Эътиборлиси, нон ва ун нархининг ошиши (нарх ошишининг сабаблари) аҳолининг даромади 10 млн сўмгача ҳисобланган барча қатламлари учун асосий муаммо бўлган. Даромадлари 10−15 млн сўм бўлганларни кўпроқ бензин ва ёқилғи нархининг ошиши, 15 млн сўмдан юқори бўлган респондентларни эса мева-сабзавотлар нархининг ошиши ташвишлантирмоқда.

Шунингдек, нон ва ун нархининг ошишини бой уй хўжаликлари ҳам сезилган инфляциянинг иккинчи асосий омили сифатида кўрсатган.

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Ҳудудлар кесимида ўтган ойда сезилган инфляция даражаси Тошкент шаҳрида — 14,8 фоиз (август ойида 16,4 фоиз эди), Бухорода — 14,6 фоиз (14,3 фоиз) ва Сурхондарёда — 14,4 фоиз (13,6 фоиз) энг юқори бўлди. Нархларнинг энг кам ўсиши Қорақалпоғистонда — 11,6 фоиз (13,6 фоиз), Навоийда — 11,8 фоиз (14 фоиз), Жиззахда — 12,1 фоиз (13,6 фоиз) сезилди.

инфляция, марказий банк, сезилган инфляция

Инфляцион кутилмалар билан бўлгани каби, бу сафар ҳам Марказий банк респондентлар бўйича сезилган инфляция тўғрисида маълумот бермади. Август ойида респондентларнинг аксарияти (тахминан 32 фоизи) нархлар 9−12 фоиз ва 17−20 фоизга ошганини ҳис қилганди, уларнинг сони июль ойига нисбатан ошганди. Инфляцияни 13−16 фоиз, 21−25 фоиз ва 31 фоиз ва ундан юқори деб баҳолаган респондентлар сони ҳам кўпайганди.

Маълумот ўрнида, расмий эълон қилинадиган инфляция даражаси кўп сонли уй хўжаликларининг талаби асосида шакллантирилган истеъмол нархлари индекси саватидаги барча товар ва хизматлар умумий нархлари даражасидаги ўзгаришларни акс эттиради. Шахсий (сезилган) инфляция шахс ёки оиланинг кундалик ҳаётида истеъмол қилинадиган товарлар ва хизматлар нархларининг ўзгариши асосида шаклланади. Агар мунтазам равишда сотиб олинадиган товарнинг нархи ошса, у камдан-кам ҳолларда сотиб олинадиган товарнинг нархи ошганига (батафсил ўқинг) қараганда кўпроқ нарх ошиши ҳиссини уйғотади (батафсил).