Ўзбекистонда Қозоғистондан импорт қилинадиган дон нархи ошиши фонида ун ва нон нархи кескин ошди.

Vodiy1.uz хабарига кўра, Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида (қолипли бўлмаган) нон нархи 2500 сўмдан 3000 сўмга, катта ҳажмдаги патир нон нархи 10 минг сўмдан 12 минг сўмга кўтарилган. Сотувчилардан бири бу ун нархининг (бир қоп — 50 кг) 185 мингдан 220 мингга кўтарилиши билан боғлиқлигини айтди.

Андижон вилоятида патир нонлар қарийб 500−1000 сўмга қимматлашган, ун жумладан, қозоқ уни нархи эса «кунига баъзан 80−100 минг сўмга кўтарилмоқда». Хусусан, Қозоғистондан келадиган уннинг нархи бит ҳафтада 270−280 минг сўмдан 420−430 минг сўмга, маҳаллий ун эса 180 минг сўмдан 230−240 минг сўмга кўтарилди.

Биржадаги нархлар

Охирги 10 кун ичида биринчи навли уннинг биржа нархлари деярли 14 фоизга ошди. Агар 5 сентябрда 1 кг маҳсулот таннархи 3712,8 сўмни ташкил этган бўлса, 15 сентябрда 4230,5 сўмни ташкил қилди. Савдо ҳажми бир неча баробар ошди: агар илгари биржада ўртача 1000 тоннадан 2300 тоннагача харид қилинган бўлса, сўнгги кунларда талаб деярли 6300 тоннагача ошди.

Шу вақт ичида учинчи навли буғдой 16,5 фоизга — 1 килограмми 2426 сўмдан 2826,7 сўмга қимматлашди.

Қозоқ буғдойи атрофидаги ажиотаж

Eldala.kz хабарига кўра, Қозоғистоннинг шимолий вилоятларида ҳосилни йиғиш учун ноқулай об-ҳаво шароити Озиқ-овқат корпорацияси компанияси буғдой ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини форвард ва тўғридан-тўғри сотиб олиш шартномалари бўйича харид нархлари эълон қилинишини кейинга сурганига сабаб бўлган. Қарор 2023 йилги ҳосилнинг ҳажми ва сифати ниҳоят аниқ бўлгунга қадар қолдирилди.

Марказий Осиё учун учинчи навли буғдойнинг экспорт нархи ўтган ҳафтада бир тонна учун 285 доллардан 320 долларга ошди. Нархлар бўйича йўриқнома йўқлиги сабабли бозорда ажиотаж кузатилмоқда, деб ёзади сайт.

Трейдерларнинг фикрича, дон нархининг кўтарилиши сунъий равишда харид нархларининг ошишига сабаб бўлмоқда.

«Нархлар 20 кун ичида барқарорлашади»

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Анвар Каримовнинг Kun.uzʼga айтишича, мамлакатда буғдойга бўлган ички эҳтиёжни қондириш учун етарли захира шаклланган.

«Бозорларда 1 қоп Ўзбекистон уни 210−220 мингдан, Қозоғистон 1-нав уни 330−340 мингдан сотилмокда. Қозоғистон уни 285 мингдан бошланади нархи, 350 минггача. Асосий бозорларда нархлар шундай. Ўтган йили ҳам сентябр ойида Қозоғистон буғдойи нархи кўтарилиб, октябрга бориб пасайган. Бу йилда етиштирилган ҳосил ва 8 ой давомида импорт қилинган буғдой ун маҳсулотларига бўлган талабни бемалол қондиради. Қозоқ буғдойи вақтинчалик тўхтаб қолгани учун ажиотаж бўлиши мумкин, нархлар 20 кунларда жойига келади», — деди Анвар Каримов.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг муносабати

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишича, давлат томонидан аҳолини озиқ-овқат хавфсизлиги билан таъминлаш, бозорларда нарх барқарорлигини сақлаш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, аҳолини ун маҳсулоти билан таъминлаш мақсадида ҳар йили мамлакатимизда 8 млн тонна атрофида буғдой етиштирилмоқда. Талаб эса, 104,4 фоизни ташкил этади. Шу сабаб маҳсулотнинг бир қисми импорт қилинади.

Сентябрь ойида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакат бўйлаб деҳқон бозорларидаги нархларни ўрганди. Чакана савдо бозорларида Россия ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилган юқори сифатли ва биринчи навли ун («365 кун», «Турон», «Мўътабар», «Олтин дон», «Макфа» ва бошқалар) 5000 сўмдан 7500 сўмгача, улгуржи нархи эса 5000 сўмдан 7000 сўмгача сотилмоқда. Вазирлик маълумотларига кўра, нархлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 200−300 сўмга ошган, бироқ баъзи дўконларда нархлар эркин белгилаб қўйилгани сабабли қимматроқ бўлиши мумкин.

«Бунинг сабабларидан бири, Россия ва Қозоғистондан кириб келаётган маҳсулот айланмаси хорижий валютада амалга оширилиши натижаси ҳисобланади. Бундан ташқари Қозоғистон томони ун тегирмонларида мавсумий техник кўрик ва санитар тозалаш ишларига корхоналарини 15 кунга профилактикага ёпиши ҳақидаги эълон ҳам мазкур сегментда нарх беқарорлигини келтириб чиқарувчи омиллардан бири бўлди», — дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарида.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу йиллик мавсумий тебраниш эканлигини ва ўтган йилнинг шу даврида ҳам худди шундай ҳолат кузатилганини таъкидлади. 20 кунлик ҳисоботда нархлар нафақат ўз жойига қайтган, балки, тушиш тенденциясини ҳам кўрсатган. Буни бозоримиздаги вазият таҳлили ҳам тасдиқлайди, дейилади шарҳда.

«Ҳақиқатан, Қозоғистон ички бозорида нарх ошган ва бу ғалла ўрими бошланаётгани билан изоҳланади. Яъни ўримга қадар омборларда қолган буғдой сотувда камайган. Бундан россиялик трейдерлар ҳам фойдаланиб, вақтинчалик имкониятлар дарчасида нархларни оширди», — дейилади вазирлик хабарида.

Шу билан бирга, Чикаго фонд биржасида келгуси йил учун дон шартномасининг нархи сезиларли даражада пасайди. Бироқ Қозоғистонда ўримдан кейин нархлар барқарорлашиши тахмин қилинмоқда. Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли шу кунларда ўрим кечиктирилмоқда.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган уннинг улгуржи нархи 4000−4500 сўм, чакана нархи эса 5000−6000 сўм.

«Бу нархлар август ойига нисбатан нарх ўсиши ҳамда аҳоли томонидан ажиотаж мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда. Бугунги кунда, асосий турдаги озиқ-овқат нархларини мониторинги бўйича ҳудудий штаблар ташкил этилиб, бозорлардаги ва савдо расталаридаги озиқ-овқат маҳсулотларини нархларини мониторинг қилиш ҳамда нархларнинг кескин ошиб кетишини олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон Қозоғистон ғалласининг асосий харидори ҳисобланади. 2022 йилда қўшни давлатдан буғдой ва меслин импорти деярли 3 миллион тоннани ташкил этди, бу унинг умумий экспортининг ярмидан бир оз камни ташкил қилади.

Шу йилнинг май ойида Қозоғистон Ўзбекистонга буғдой ва буғдой унини экспорт қилишни кескин оширгани ҳақида хабар берилган эди. Умуман олганда, 2022−2023 йилларда етказиб бериш мавсуми бошланганидан буён Ўзбекистон Қозоғистонда ишлаб чиқарилган 406,6 минг тонна унни импорт қилди ва бу кўрсаткич бўйича Афғонистондан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Ўтган мавсумга нисбатан харидлар 27,4 фоизга ошган.

Қозоғистон ғалласини етказиб беришда ҳам ўсиш кузатилмоқда. Тўққиз ой давомида Ўзбекистонга ўтган йилдаги 2,21 миллион тонна эмас, 3,09 миллион тонна буғдой етказиб берилди, бу роппа-роса 40 фоизга ўсди.