Сентябрь ойида Ўзбекистон аҳолисининг инфляцион кутилмалари августдаги кескин ўсишдан сўнг пасайди, дея хабар қилди Марказий банк. Хусусан, аҳолининг нарх кутилмалари ўртача 13,5 фоизни (август ойига нисбатан -0,7 фоиз) ташкил этган бўлса, тадбиркорларнинг кутилмалари 14,2 фоизгача (-0,2 фоиз) пасайди.

инфляцион кутилмалар, инфляция, марказий банк

Энг пессимистик инфляцион кутилмалар аввалгидек Тошкентда бўлиб турибди. Пойтахт аҳолиси келгуси 12 ой ичида инфляция 15,2 фоиз (-0,1 фоиз) бўлишини кутмоқда, бизнеснинг прогнозлари эса кескин ёмонлашган — 17,2 фоиз (+1,7 фоиз). Нархларнинг юқори ўсишини, шунингдек, Сурхондарё — 14,9 фоиз (+1 фоиз) ва 12,7 фоиз (-0,6 фоиз), Бухоро — 14,7 фоиз (+0,9 фоиз) ва 13,5 фоиз (-0,6 фоиз) ҳамда Сирдарё — 13,8 фоиз (-1,9 фоиз) ва 14,5 фоиз (+0,3 фоиз) аҳолиси ва тадбиркорлик субъектлари прогноз қилган. Энг оптимистик кутилмалар Қорақалпоғистонда: аҳоли орасида 11,6 фоиз (-2,5 фоиз), тадбиркорлик субъектлари орасида 12,3 фоиз (-0,7 фоиз).

инфляцион кутилмалар, инфляция, марказий банк

Сентябрь ойида ўтказилган сўровларда валюта курсининг ўсиши билан боғлиқ хавотирлар бироз камайган — бизнес ўртасида 71 фоиздан 68 фоизга, аҳоли орасида — 70 фоиздан 65 фоизга. Август ойида сўмнинг 400 сўмлик кескин девальвация кузатилди, шундан сўнг миллий валюта нисбатан барқарор бўлиб турибди.

Аҳоли келгуси 12 ойда нархларнинг ошишига ёқилғи-энергия нархларининг кўтарилиши (респондентларнинг 45 фоизи шундай фикрда, август ойида бу кўрсаткич 43 фоиз эди, бундай фикрдаги респондентлар улуши кетма-кет бешинчи ой ошиб бормоқда), коммунал хизматлар тарифларининг ошиши — 34 фоиз (27 фоиз), нархларнинг сунъий оширилиши — 33 фоиз (32 фоиз) ҳам таъсир қилишини кутмоқда.

Шунингдек, бизнес ҳам инфляцияга ёқилғи-энергетика — 42 фоиз (38 фоиз), коммунал хизматлар — 31 фоиз (24 фоиз), транспорт хизматлари — 28 фоиз (25 фоиз) нархларининг ошиши таъсир қилади деб ҳисобламоқда.

Бу сафар Марказий банк респондентларнинг инфляцион кутилмалари бўйича жавобларини эълон қилмади. Август ойида респондентларнинг қарийб 30 фоизи йил охиригача инфляция расмий прогноз қилинган даражада бўлишини (9−12 фоиз) кутаётганди, аммо 13−16, 17−20, 21−25 ва 31−50 фоиз оралиғидаги инфляцияни прогноз қилган респондентлар улушининг ортиши қайд этилганди (14 фоиз).

инфляцион кутилмалар, инфляция, марказий банк

Инфографикага аҳолининг даромадлари кесимида кутилмалари қўшилган. Масалан, даромади 7 миллион сўм ва ундан юқори бўлган респондентлар инфляция 15 фоиздан юқори бўлишини кутмоқда.

Маълумот ўрнида, инфляцион кутилмалар — аҳолининг келгуси ойлар ва йиллардаги нархларнинг ошиши ҳақидаги тахминлари ҳисобланади. Бу тахминлар одамларнинг истеъмолчи сифатидаги хатти-ҳаракатларига таъсир қилади. Қимматлашиши мумкин бўлган нарсани тезда сотиб олишни истаб одамлар харидларни кечиктиришни тўхтатади ва кўпроқ пул сарфлайди, камроқ пул тежайди ва тез-тез кредит олади. Натижада кутилаётган инфляция реал инфляцияга таъсир қилади. Талабнинг ошиши таъсирида нархлар тезроқ кўтарила бошлайди.

Агар одамлар инфляциянинг кескин ўсишини вақтинчалик деб ҳисобласа, уларнинг узоқ муддатли инфляцион кутилмалари ошмаслиги мумкин — инфляцион кутилмаларнинг бундай мустаҳкамланиши Марказий банк сиёсатига бўлган ишончга асосланади: агар бизнес ва аҳоли пул-кредит сиёсати инфляцияни мақсад қилинган даражага қайтаради деб ишонса, улар келажакда нархлар ошиши ҳақида камроқ ташвишланади.