Россиядан Ўзбекистонга газ етказиб бериш учун «Ўрта Осиё-Марказ» (CAC) магистраль газ қувури кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда 27 апрель куни Тошкент инвестиция форуми чоғида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Газета.uz»га маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондан Қозоғистон орқали Россияга ўтадиган «Бухоро-Урал» газ қувури эскиргани учун талабга жавоб бермайди.

Шу сабабли Туркманистондан Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Россияга ўтувчи CAC газ қувури кўриб чиқилмоқда. Ҳозирги вақтда томонлар газни тескари тартибда етказиб бериш учун компрессор станцияларини ўрнатиш ва таъмирлаш учун зарур бўлган харажатларни баҳоламоқда.

«Дастлаб харажатларни баҳолайлик. Харажатлар асосида нарх шаклланади. Шундан сўнг етказиб беришни муҳокама қиламиз», — деди вазир.

2022 йил ноябрь ойи охирида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга «уч томонлама газ иттифоқи» тузишни таклиф қилгани маълум бўлган. Россия томони бу таклиф сиёсий шартлар эвазига газ етказиб беришни назарда тутмаслигини, гап тижорат манфаатларини мувофиқлаштириш ҳақида кетаётганини билдирган.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов декабрь ойида Ўзбекистонда энергия ресурслари танқислиги ташқи омиллар билан эмас, балки ички истеъмол ва иқтисодиётнинг ўсиши билан боғлиқ эканини, мамлакат қўшнилардан газни «қандайдир альянс ёки иттифоқ» орқали эмас, балки тижорат шартномаси доирасида импорт қилиш бўйича музокаралар ўтказаётганини айтган.

Январь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон Энергетика вазирликлари Россиянинг «Газпром» компанияси билан газ соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича «йўл харитаси»ни имзолаган.

Март ойида «ТАСС» Россия энергетикани ривожлантириш маркази ҳисоботига таяниб, «Газпром» Хитойга Марказий Осиё орқали газ етказиб бериш ҳажмини йилига 20 миллиард куб метргача ошириши мумкинлиги ҳақида хабар берган.

«Шу йил охиригача „Газпром“ Ўзбекистон ва Қозоғистонга 10 миллиард куб метргача газ етказиб бериш бўйича келишиб олиши кутилмоқда, шундан 4−6 миллиард куб метри Хитой учун транзит газ бўлади. Бизнинг фикримизча, „Ўрта Осиё — Марказ“ газ қувури инфратузилмасини у орқали йилига 20−25 миллиард куб метр газ етказиб бериш учун янгилаш яна бир йилга чўзилиши мумкин», — дейилади экспертлар ҳисоботида.

Бундан ташқари, «Газпром» Ўзбекистон орқали Хитойга 10 миллиард куб метргача газ экспорт қилиши мумкин. Бу йўналишнинг афзаллиги Ўзбекистон газ транспорти тизими «Марказий Осиё-Хитой» газ қувурига уланганлигидадир, дейди таҳлилчилар.

Бу йўналишдаги экспортга асосий тўсиқ 1960 йилларда қурилган «Ўрта Осиё-Марказ» газ қувурининг ҳозирги ҳолати бўлиши мумкин, бу эса инфратузилмани модернизация қилиш учун қўшимча сармояларни талаб қилиши эҳтимоли бор.