Ўзбекистонда камида 65 нафар боланинг ўлимига сабабчи бўлган «Док-1 Макс» сиропини ишлаб чиқарувчиларнинг мамлакатдаги вакили — Quramax Medical МЧЖ вакиллари ишлаб чиқарувчининг дорихоналарда қолаётган бошқа дорилари сотилишига рухсат сўради. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Ўзбекистонда Marion Biotech компаниясининг барча турдаги дорилари савдоси 2022 йилнинг 30 декабрдан тўхтатилган.

6 октябрь куни «Док-1 Макс» судининг навбатдаги мажлисида ҳиндистонлик судланувчининг адвокати Даврон Аҳмадов Соғлиқни сақлаш вазирлигига расмий хат билан мурожаат қилиб, ишлаб чиқарувчининг «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дориларидан бошқа дориларининг сотилишига рухсат сўраганини билдирди.

«Биз адвокатлик сўрови билан вазирликка мурожаат қилиб, ишлаб чиқарувчининг 10 миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги борлигини, айни пайтда МЧЖ ишламаётганини, фаолияти тўхтатилганини, аммо қарздорликлари юзага келганини айтиб, ишлаб чиқарувчининг дорихоналарда қолаётган бошқа дорилари сотилишига рухсат сўраяпмиз. Вазирлик Quramax Medical МЧЖнинг гувоҳномаси йўқ, деган жавобни бермоқда. Шу масалага эътибор қаратиб, ёрдам берилишини сўраймиз», — деган адвокат.

Даврон Аҳмадовнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистондаги дорихоналарда ишлаб чиқарувчиларнинг 50 турдан ортиқ, қиймати 28 миллиард сўмлик дорилари бор ва уларнинг сифатсизлиги, соғлиқ учун зарарли эканини тасдиқловчи фактлар йўқ.

Нашрнинг ёзишича, бу ҳолат судда ҳам кўриб чиқилган. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги МЧЖнинг барча дорилари сифатсиз, соғлиқ учун зарарли, уларни йўқ қилиш керак, деган даъво билан судга мурожаат қилган. Дастлабки инстанция ушбу талабни қондириб, ҳиндистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг нафақат «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дориларини, балки барча дориларини йўқ қилиш ҳақида қарор чиқарган. Шундан сўнг бунга эътироз билдирилиб, апелляция тартибида шикоят қилинган.

«Апелляция инстанцияси ҳам биринчи инстанция қарорини маъқуллади. Шундан сўнг кассация тартибида шикоят қилиб, яна ҳуқуқимизни ҳимоя қилдик. Судда масъулларнинг фақатгина „Док-1 Макс“ ва „Амбронол“ дориларининг истеъмол учун яроқсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлари борлигини, бошқа дориларнинг сифатсизлигини, истеъмол учун яроқсизлигини исботловчи ҳужжатлар йўқлигини билдирдик. Суд буни инобатга олиб, ишлаб чиқарувчиларнинг бошқа дорилари сотилишига рухсат берди. Аммо вазирлик Quramax Medical МЧЖнинг гувоҳномаси йўқ деб, Ўзбекистондаги мавжуд дорихоналарда қолаётган дорилар сотилишига рухсат бермаяпти», — дейди адвокат.

Унинг қўшимча қилишича, адвокатлик сўровларига вазир ўринбосари Элмира Боситхонова рад жавобини бермоқда.

Август ойида «Док-1 Макс» иши бўйича судда айбланувчи хиндистонлик тадбиркор яроқсиз ва ҳужжатлари шубҳали «Кураракс» дорисини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш ишлари учун масъул давлат ташкилотида ишловчи амалдорга 33 минг доллар берганини тан олганди.

«Док-1 Макс» дори воситасини сотиш эса ўша йилнинг 22 декабрида тўхтатилганди. 2023 йил 13 январда эса «Quramax Mediсal»нинг лицензияси бекор қилинган. Март ойида эса Ҳиндистондаги «Док-1 Макс» сиропи ишлаб чиқарувчиси бўлмиш Marion Biotech фармацевтика компанияси лицензиядан маҳрум қилинган.