Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш дори воситаларини назорат қилиш ва лицензиялаш бошқармаси Marion Biotech фармацевтика компаниясининг ишлаб чиқариш лицензиясини бекор қилди, бу Ўзбекистонда унинг «Док-1 Макс» сиропидан 20 нафар боланинг вафот этгани билан боғлиқ, деб хабар берди Hindustan Times.

Лицензияни бекор қилиш «бу давлат дори воситалари регулятори томонидан амалга оширилган маъмурий чорадир», дейилади хабарда.

3 март куни Уттар-Прадеш полицияси компаниянинг уч нафар ходимини — ишлаб чиқариш бошлиғи ва иккита олимни ҳибсга олган. Яна икки директор қидирувда.

4 март куни Марказий дори воситалари стандартларини назорат қилиш ташкилоти (CDSCO) ишлаб чиқарувчининг лицензиясини бекор қилишни тавсия қилган.

Декабрь ойида Ҳиндистон ҳукумати компанияга қарши иш бошлаганидан сўнг лицензия тўхтатилганди. Энди Marion Biotech ҳар қандай ишлаб чиқариш билан шуғулланиши мутлақо тақиқланди.

Ўзбекистонда болалар ўлими билан боғлиқ «Док-1 Макс» сиропи Ҳиндистонда сотилмаган.

Ўзбекистондаги тергов шуни тасдиқладики, мазкур ишлаб чиқарувчининг «Док-1 Макс» ва «Амбронол» препаратлари лаборатория синовларидан (Ўзбекистонга импорт қилувчи — Quramax Medikal) белгиланган тартибда ўтказилмаган. Дорилар партиялари таркибида этиленгликоль топилган.